Мирзиёев Россия Саноат ва савдо вазирини қабул қилди
Жамият
−
19 Февраль
7063Шавкат Мирзиёев бугун, 19 февраль куни Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари — Саноат ва савдо вазири, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамраиси Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, музокаралар аввалида ҳукумат раиси ўринбосари Денис Мантуров давлат раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 5–7 октябрь кунлари Россияга расмий ташрифи якунида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.
Учрашувда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунларига кўра 6,6 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилган. Саноат, энергетика, транспорт, металлургия, кимё, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2023 йилда бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, ҳудудлар, таълим ва тиббиёт форумларининг самарали натижалари юксак баҳоланган.
Ўзаро савдонинг ўсиш суръатларини давом эттириш, кооперация лойиҳаларини, шу жумладан жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида учинчи бор ўтказиладиган “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси негизида янада илгари суриш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилган.