Мирзиёев Путин билан гаплашиб олди

Жамият

image

Бугун, 21 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, суҳбат аввалида Россия Президенти Шавкат Мирзиёевни ва Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини баҳор ва янгиланиш байрами – Наврўз билан самимий табриклаб, фаровонлик ва равнақ тилаган.

“Етакчилар мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан ҳам бир-бирини чин юракдан қутладилар.

Кейинги йилларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги мисли кўрилмаган юксак – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига чиққани мамнуният билан таъкидланди.

Амалий ҳамкорликнинг самарали механизмлари фаолият юритмоқда, унинг энг муҳим йўналишлари бўйича яқин мулоқот йўлга қўйилган. Товар айирбошлаш барқарор ошиб бормоқда. Ўтган йил якунида ўзаро савдо кўркаткичи 7,5 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса 50 фоизга ортди.

Устувор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Россиянинг мамлакатимиз иқтисодиётига инвестициялари ҳажми қарийб 10 миллиард долларни ташкил этмоқда. Икки мингдан зиёд қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Россиянинг нуфузли делегацияси шу ҳафта пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Тошкент Халқаро инвестиция форуми ишида иштирок этиши кутилмоқда.

Фаол маданий-гуманитар алмашинув давом этмоқда”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, мулоқотда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси каби муҳим соҳаларда, шу жумладан Ўзбекистон ва Россия ҳудудларининг етакчи корхоналарини жалб қилган ҳолда кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган.

Икки мамлакат вазирлик ва идораларининг олий даражада эришилган келишувларни кенг кўламда амалга ошириш бўйича фаол алоқалари ва ўзаро мувофиқлашган ишини давом эттириш муҳим экани қайд этилган.

Минтақа ва халқаро кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашилган.

“Ўзбекистон ва Россия Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек дўстона ва ишонч руҳида ўтди”, деб ёзади расмий Тошкент.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин

Баҳолаганлар

977

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг