Мирзиёев навоийлик ўқувчилар билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 31 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳри Фаровон маҳалласидаги 22-умумтаълим мактабида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

1 минг 800 нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олаётган бу муассаса ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Барча синфхоналар, лаборатория, компьютер ва хорижий тил хоналари, спорт зали, футбол майдони, ошхонада замонавий шароитлар яратилган. Кутубхона 3 мингдан ортиқ китоблар билан таъминланиб, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона тизимига ҳам уланган.

"Ёшларга камида иккита чет тили ва битта замонавий ҳунар ўргатиш жараёни бу ерда ҳам изчил амалга оширилмоқда. Бунинг учун мактабда амалий санъат, меҳмонхона хизмати, рассомчилик, сураткашлик, IT йўналиши, робототехника каби касб-ҳунарлар бўйича ўндан ортиқ тўгараклар ташкил этилган", дейилади хабарда.

Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Ватан таянчи” ҳарбий ватанпарварлик гуруҳи ташкил этилган. Унда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардалар жасорати ҳақида мулоқотлар бўлади. Ватанпарварлик тадбирлари, спорт мусобақалари тез-тез ўтказилади. 

"Илмли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаш яхши. Қалбингизда ватанпарварлик кучли бўлса, шижоатингиз янада баланд бўлади", деди Президент.

Мактабда “Иқтидор” клуби ҳам ташкил этилган. Унда ижодкор ўқувчилар мусиқа, театр ва санъат йўналишида турли машғулотларда иштирок этади.

Президент мактаб фаолияти билан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. 

"Менинг энг катта ташвишим, мақсадим – ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади", деди Президент болаларга.

Таълим даргоҳида “хавфсиз мактаб” тизими ишлайди. Бунинг учун муассасага кириш-чиқишда “Face ID” дастури қўйилган. Шунингдек, 5,5 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи доирасида “Янги Навоий” шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, нуронийлар ва зиёлилар билан суҳбатлашганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Навоий Шавкат Мирзиёев мактаб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг