Мирзиёев Намангандаги аэропортни кўздан кечирди
Жамият
−
16 Сентябрь 2025 11219 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида бугун, 16 сентябрь куни Наманган вилоятига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари самолётдан тушиши биланоқ аэропортни кўздан кечирган.
Ушбу аэропртда 140 миллион доллар инвестиция ҳисобига янги терминаллар барпо этилмоқда. Давлат раҳбарининг вилоятга ўтган йилги ташрифи чоғида ушбу лойиҳа тақдимот қилинган эди. Қолаверса, ушбу аэропортда улкан юк терминали қурилмоқда. У кунига 50 тонна юк ташиш ва 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконини беради. Қайд этилишича, бу орқали водийда ягона карго тизими яратилади. Ҳудуднинг бизнес, экспорт ва транзит салоҳияти ошади.
Аэропортда махсус сервис техникалари ҳам янгиланиши кўзда тутилган. Бу турли ҳажмдаги самолётларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини беради. Шунингдек, кейтеринг, ёнилғи қуйиш мажмуаси ва бошқа хўжалик бинолари қурилади. Янги терминаллар келгуси йил ишга туширилиши кўзда тутилган.
Давлат раҳбари аэропорт атрофидаги инфратузилмани унга мутаносиб ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берган. Дунёнинг илғор тажрибасидаги каби, аэропорт атрофида меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, барча замонавий хизматлар бўлиши зарурлиги таъкидланган. Автотураргоҳ ва сервис объектлари ташкил этиб, меҳмонлар учун қулайликларни кенгайтириш вазифаси қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев сўнгги бор ушбу вилоятга 2024 йилнинг 25 март куни ташриф буюрганди. Ташриф давомида Мирзиёев Наманганда мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани учун масъул комплекслар ва вилоят раҳбарларини танқид қилганди.
Live
Барчаси