Мирзиёев Мелони билан музокаралар ўтказди
Жамият
−
29 Май 4815 3 дақиқа
Бугун, 29 май куни Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Бош вазири Жоржия Мелонининг юзма-юз ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Томонлар фаол сиёсий алмашинувни давом эттиришни қўллаб-қувватлаган.
Жорий йил апрель ойида Самарқандда ўтган самарали саммитни ҳисобга олган ҳолда Европа Иттифоқи институтлари билан фаол ҳамкорлик давом эттирилади. Амалий натижаларга эътибор қаратган ҳолда “Марказий Осиё – Италия” саммитини ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.
Савдо соҳасида бизнесга техник кўмак дастурларини кенгайтиришга келишиб олинган. Европа Иттифоқи бозорига чиқиш учун ўзбекистонлик экспортчиларни ўқитиш, Тошкентда қўшма сертификатлаш марказини ташкил этиш, мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги битимни қабул қилишни тезлаштириш шулар жумласидан.

Давлат раҳбари Италиянинг етакчи компаниялари билан технологик шериклик дастурини ишга туширишни таклиф қилган.
Хусусий тадбиркорликнинг инновацион лойиҳалари, ўта муҳим минераллар ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, автомобилсозлик учун бутловчи қисмлар, электротехника, энергетика, озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш саноатида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм, мебелсозлик ва бошқа тармоқлар учун дизайн марказларини ташкил этиш устувор йўналишлар сифатида қайд этилган.

Бундай лойиҳалар Европа оператори бошқарувида Тошкент вилоятида ташкил этиладиган саноат паркида жойлаштирилиши мумкин.
Лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишга тушириш учун қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш, шунингдек, Италиянинг “SACE” ва “SIMEST” давлат агентликларини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилади.
Комплекс “йўл харитаси” асосида қишлоқ хўжалигида кенг кўламли илмий-технологик ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Узум, зайтун, заъфарон, сарсабил етиштириш, агролабораториялар ташкил этиш, биотехнологияларни ривожлантириш ва агросуғуртани жорий қилиш бўйича кооперация истиқболлари қайд этилган.

Янги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида ҳукуматлараро гуруҳ ишини қайта тиклаш ва унинг йиғилишини бизнес форуми билан бирга ўтказишга келишиб олинган.
Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини кенгайтириш доирасида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана ташрифи ва биринчи Ҳудудлар форуми доирасида амалий натижаларга эришиш муҳим экани таъкидланган.
Таълим соҳасида Ўзбекистонда Тушия университети филиалини, Пиза, Тренто, Рома Тре ва Ка-Фоскари университетлари билан икки томонлама диплом дастурларини ишга тушириш режалари қўллаб-қувватланган.
Ўзбекистонда Италия маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинган.
Ташриф доирасида меҳнат миграцияси соҳада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан қайд этилган.
Учрашув якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича комплекс "йўл харитаси"ни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Жоржия Мелони кеча, 28 май куни расмий ташриф билан Самарқандга келганди. Самарқанд халқаро аэропортида Бош вазирни шахсан Президент Мирзиёев кутиб олган. Шундан сўнг етакчилар Регистон майдони ва “ Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғида бўлди. Қолаверса, Самарқанд шаҳрида бугун, 29 май куни Жоржия Мелонини расмий кутиб олиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Эртага, 30 май куни эса Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони иштирокидаги биринчи саммит бўлиб ўтади.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь