Мирзиёев маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан учрашди
Жамият
−
22 Ноябрь
1905Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 ноябрь куни иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи Сума Чакрабарти билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини жорий йилги давлат дастури доирасида амалга оширишнинг ҳолати ҳамда келгуси йилда ислоҳотларни янада илгари суриш истиқболлари кўриб чиқилган. Давлат бошқарувида кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасидаги кейинги қадамлар муҳокама қилинган. Миллий қонунчиликни ЖСТ қоидалари ва талаблари билан уйғунлаштиришни жадаллаштириш, шунингдек, мамлакатнинг глобал рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича ишларни давом эттириш зарурлиги қайд этилган.
“Президентимиз режалаштирилган барча лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, стратегик ислоҳотлар кун тартибини янги ташаббуслар билан, айниқса мамлакатимизда эълон қилинган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиёт йилидаги вазифаларни ҳисобга олиб янада бойитиш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.