Мирзиёев Марказий Осиёни қурғоқчиликдан қутқариш бўйича таклиф берди
Жамият
−
15 Сентябрь 2023
8099Ҳар бир Марказий Осиё давлати минтақавий экологик лойиҳаларга ташқи ёрдамни жалб этиш мажбуриятини юклаши, шунингдек, аниқ мақсадларни белгилаши керак. Бу ҳақда бугун, 15 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.
“Инвестиция ҳамда техник ёрдамни жалб қилиш ва тақсимлаш механизмини ишлаб чиқиш зарур”, деган у.
Бундан ташқари, Мирзиёев қуйидагиларни таклиф қилган:
- ҳамкорларни жалб этган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида навбатдан ташқари ҳудудий конференция чақириш;
- жамғарманинг ишчи органларига халқаро маслаҳатчилар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантиришнинг истиқболли режасини ишлаб чиқишни топшириш;
- ёшларда сув ва бошқа табиий ресурсларга ҳурмат маданиятини шакллантириш масалалари бўйича ҳудудий миқёсда ишларни ташкил этишга эътибор қаратиш.
Мирзиёев бундай стратегик ҳужжатларнинг қабул қилиниши минтақада сув-энергетика ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш сиёсатини мувофиқлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирган.
Маълумот учун, бугун, 15 сентябрь куни Тожикистон томони раислигида ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосари Адилбек Қасималиев ва БМТ Бош котибининг махсус вакили – Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур тадбирда сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий музокараларга Афғонистонни ҳам жалб этишни таклиф қилганди. Шунингдек, у “Қўштепа” канали қурилишининг барча жиҳатларини халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳ тузиш зарурлигини таъкидлаган. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таркибида Марказий Осиёдаги энергетика масалаларини тартибга солиш учун комиссия тузишни таклиф қилди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса Марказий Осиё давлатлари учун халқаро сув-энергетика консорциумини яратиш ташаббуси билан чиқди.
LiveБарчаси