Мирзиёев хорижий элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди
Жамият
−
07 Май
3800Бугун, 7 май куни Ўзбекистонга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия элчиси Йожеф Рожа, Эрон Ислом Республикаси элчиси Муҳаммадали Искандарий, Чехия Республикаси элчиси Любомир Фреборт, Уммон Султонлиги элчиси Вафо ал-Бусаидий, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Муҳаммад Ирқийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлат раҳбари хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини тайинлов билан самимий қутлаб, Ўзбекистон ва улар вакиллик қилаётган мамлакатларни яқинлаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим ўрнини қайд этди.
Ўзбекистон Президенти глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланишга таҳдидлар тобора кучаяётган ҳозирги даврда давлатлар ўртасида конструктив мулоқотни йўлга қўйишда, дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишда дипломатлар фаолияти янада муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
"Бугунги Ўзбекистон – жаҳонга кенг очилаётган, хорижий шериклари билан узоқ муддатли ва кенг қамровли алоқаларни изчил ривожлантириб бораётган тинчликсевар ва адолатли ижтимоий давлатдир", деган Президент.
Давлат раҳбари Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги етти йилда икки баробар ўсгани, инвестициялар, савдо айланмаси ҳажми муттасил ошаётгани, экспорт географияси кенгаяётганига эътибор қаратди. Дунёдаги етакчи компаниялар, машҳур брендлар Ўзбекистон бозорига фаол кириб келмоқда.
"Куни кеча 93 та мамлакат вакиллари иштирокида ўтган учинчи Тошкент инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши мажлисининг муваффақиятли ўтказилгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Ўзбекистон бундан буён ҳам халқаро майдонда очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсатни изчил давом эттиришини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари элчилар диққатини улар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги даражага кўтариш муҳимлигига қаратди", дейилади хабарда.
Президент Венгрия элчисига мурожаат қилар экан, Будапешт Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва вақт синовларидан ўтган ишончли шериги эканини қайд этди.
"Сўнгги йилларда Бош вазир Виктор Орбан билан биргаликдаги қатъий интилиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган ҳаракатларимиз натижасида алоқаларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди", деди Президент.
Шунингдек, икки томонлама товар айирбошлаш икки баробар ўсди, қўшма корхоналар сони ошмоқда, ўтган йили Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилди, юздан ортиқ ўзбекистонлик талаба “Stipendium Hungaricum” дастури доирасида Венгрия олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Ўзбекистон бозорида Венгриянинг “OTP Bank”, “Bonapharm”, “Gedeon Richter”, “Meditop” каби бир қатор етакчи компания ва банклари муваффақиятли ишламоқда.
Тошкент ва Будапешт ўртасида авиақатновлар бошланиши ишбилармонлик алоқалари ва туризм алмашинувларини янада фаоллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Шунингдек, Мирзиёев Эрон билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар кўп минг йиллик тарихий илдизлардан куч олаётганини таъкидлади. Бугунги Эрон катта иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат. Кейинги йиллардаги олий даражадаги тарихий ташрифлар ва эришилган муҳим келишувлар муносабатларда янги юксалиш даврини бошлаб берди.
Барча даражада ўзаро мулоқотлар фаоллашди. Икки томонлама савдо ҳажми ўсмоқда, қўшма корхоналар сони 300 тага етди. Қайд этилганидек, томонлар товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ режаларни белгилаб олган.
Ўзбекистон Эрон билан тоғ-кон, энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан манфаатдор.
Транспорт йўлаклари ва транзит борасидаги ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.
Президент Чехия Республикаси Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги анъанавий ва муҳим ҳамкори эканини таъкидлади. Ўтган йили ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари икки томонлама алоқаларни янги босқичга кўтарди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида ўзаро савдо икки баробарга кўпайгани ҳамкорлик борасида катта имкониятлар мавжудлигини яққол тасдиқлайди. Ўзбекистонда Чехиянинг етакчи компаниялари саноат, инфратузилма, тиббиёт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида муваффақиятли фаолият юритмоқда. “Тошкент-Прага” авиақатновлари йўлга қўйилмоқда.
Келишилган инвестиция лойиҳаларини тўлиқ амалга ошириш ва саноат кооперацияси бўйича дастурни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Чехия Экспорт банки ҳамда Экспортни кафолатлаш ва суғурталаш корпорациясининг мамлакатимиз банк-молия бозорига кириш режалари юқори баҳоланди.
Президент Мирзиёев Уммон Султонлиги Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ минтақасидаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Муқаддас ислом дини, ўхшаш урф-одат ва қадриятлар ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
"Тошкентда Султон Ҳайсам Ол Саид иштирокида очилган Шарқшунослик институтининг муҳташам кутубхонаси давлатларимиз ўртасида ўзига хос дўстлик рамзи бўлиб келмоқда", деди давлат раҳбари.
Икки мамлакат ҳамкорлигида ҳали ишга солинмаган жуда катта салоҳият бор. Тез орада Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишини ўтказиш, Ишбилармонлар кенгашини тузиш зарурлиги қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, телекоммуникация, тўқимачилик саноати, туризм каби соҳалар ҳамкорлик учун истиқболлидир. Ўзбекистон-Уммон инвестиция компанияси имкониятларидан унумли фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти Жазоир араб-мусулмон дунёсида жадал суръатда тараққий этаётгани, катта иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат, Африка қитъасидаги истиқболли шеригимиз эканини таъкидлади. Жазоир араб давлатлари орасида биринчи бўлиб Тошкентда ўз элчихонасини очган.
Олий даражадаги учрашувларни ташкил этиш, сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини жорий этиш, Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш зарурлиги, бу икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаши таъкидланди.
Нефть-газ, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш зарурлиги қайд этилди.
Маросим якунида Президент элчиларга шарафли фаолиятида катта муваффақиятлар тилаб, Ўзбекистон ҳудудларига бориш, мамлакатда бўлаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишга чақирди. Бу, ҳеч шубҳасиз, ҳамкорлик мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Дипломатлар самимий қабул, самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга бор саъй-ҳаракатларини қаратишларини таъкидлади.
LiveБарчаси