Мирзиёев Хитой Бош вазирини ҳам Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
02 Сентябрь 3570 3 дақиқа
Бугун, 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрига расмий ташриф доирасида ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, кўп қиррали амалий ҳамкорлик, энг аввало, савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва гуманитар соҳаларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари ХХР Давлат кенгаши Бош вазири ва бутун Хитой халқини буюк Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь саммити муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаган. Икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Хитой муносабатлари янги даврда барча шароитларда стратегик шериклик ва кўп қиррали “етук” ҳамкорлик даражасига кўтарилгани таъкидланган.
Қайд этилишича, ўтган йили икки давлат орасидаги товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етган ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Бу кўрсаткични маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш орқали 20 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилган. Шу мақсадда Ўзбекистонда стандартларни уйғунлаштириш ва маҳсулотларни Хитой талаблари асосида сертификациялаш учун қўшма Квант метрология маркази ва Минтақавий саноат стандартлаштириш марказини очиш таклиф қилинган. Қўшма лойиҳалар портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
“Бу галги ташрифга тайёргарлик доирасида “яшил” энергетика, геология, кимё, ноёб металларни чуқур қайта ишлаш, кўмир кимёси, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, уруғчилик, агровольтаика соҳаларида янги лойиҳа таклифлари шакллантирилди”, дейилади хабарда.
Илмий тадқиқотлар ва истиқболли стартапларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Камбағалликка қарши курашиш бўйича махсус қуйи қўмита йиғилиши ва жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилаётган иккинчи Ҳудудлар форуми якунларига юқори баҳо берилди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича Ўзбекистон пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бу галги ташриф доирасида Маданият марказларини ўзаро очиш тўғрисида битим имзолангани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил Ўзбекистонда иккинчи Таълим форуми бўлиб ўтади. Чунцин шаҳрида илк бор "Касб-ҳунар таълими" форуми ўтказилди, ушбу йўналишда “Ўзбекистон – Хитой альянси” тузилди. Ўзбекистон ҳудудларида “Лу Бань устахоналари” очилади. Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтлари самарали фаолият юритаётгани таъкидланди. Томонлар авиақатновлар сонини янада кўпайтириш ва сайёҳлар алмашинувини фаоллаштириш муҳимлигини қайд этдилар.
Якунда Президент ХХР Давлат кенгаши Бош вазирини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрь куни Хитойга расмий ташриф доирасида Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтганди. Мирзиёев Си Цзиньпинни ҳам Ўзбекистонга таклиф қилганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь