Мирзиёев Халқаро этноспорт фестивали иштирокчиларига табрик йўллади

Жамият

image

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти Хива шаҳрида Ўзбекистон мезбонлигида биринчи бор ўтказилаётган Халқаро этноспорт фестивали иштирокчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар  берди.

Маълум қилинишича, анжуманда UNESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ҳамда унга аъзо давлатлар вакиллари, шунингдек, 63 та мамлакатдан қарийб 930 нафар этноспорт намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда. 

Давлат раҳбари мазкур халқаро анжуманнинг уч минг йилдан зиёд шонли ўтмишга эга бўлган Хоразм заминида ўтказилаётгани бежиз эмаслигига урғу берди. 

“Бу қутлуғ воҳа бизнинг бой тарих ва маданиятимиз, миллий қадриятларимизнинг қадимий бешикларидан биридир. Ушбу диёрдан етишиб чиққан Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд сингари мард ва жасур аждодларимиз, моҳир саркардаларимиз билан биз ҳақли равишда фахрланамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, халқнинг тарихи, миллий қадрияти ва анъаналарини ўзида мужассам этадиган этноспорт турлари ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш, дунё давлатлари билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга.

Шу боис, Президент мамлакатда миллий халқ ўйинларини тарғиб этиш ва оммалаштириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, кейинги йилларда бу борада қатор қарорлар, жумладан, “Этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастури” қабул қилинганига алоҳида тўхталиб ўтган. 

Президент айниқса, миллий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар тизими ташкил этилгани, Тошкент шаҳрида ҳар йили бир марта этноспорт турлари бўйича республика фестивали, Хива шаҳрида эса икки йилда бир Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш йўлга қўйилгани бу борадаги муҳим амалий қадамлардан бири эканини қайд этган. 

“Юртимизда ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштириш ва ривожлантириш, спорт мусобақаларини ташкил этиш бўйича ҳудудий дастурлар қабул қилинди. Айрим этноспорт турлари бўйича бошқарув тизими ҳамда спортчи ва тренерлар захираси шакллантирилгани, мусобақаларни доимий ўтказиш ва уларни молиялаштириш жорий этилгани бу соҳадаги ишларни мунтазамлик асосида олиб бориш имконини бермоқда”, дейди Мирзиёев. 

Президент шунингдек, ёш авлод ўртасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштиришга катта аҳамият берилаётгани, бу йўналишда малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш масалалари ҳам эътибор марказидалигини таъкидлаган. Бу борадаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда, Ўзбекистонда миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари рўйхати шакллантирилгани, ўзбек курашини UNESCO'нинг этноспорт миллий ўйинлари номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш чоралари кўрилаётганига алоҳида тўхталиб ўтган.

“Ҳурматли анжуман иштирокчилари! Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фестивалдаги иштирокингиз учун сиз, азизларга, хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига самимий миннатдорлик билдираман. Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан бу фестивал дунёдаги нуфузли спорт анжуманлари қаторидан муносиб ўрин эгаллайди. Фестивал доирасида ўтказиладиган спорт мусобақалари, халқаро турнир, жаҳон чемпионатлари ва конференция ишига муваффақият тилайман”, дейди Ўзбекистон раҳбари сўзи якунида.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев UNESCO этноспорт фестивали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг