Мирзиёев Қозоғистоннинг янги Бош вазирини қабул қилди
Жамият
−
15 Март
5655Ўтган ойда Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиққандан сўнг, мамлакатнинг янги Бош вазири этиб тайинланган Олжас Бектенов Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 15 март куни Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов бошчилигидаги ҳукумат делегациясини қабул қилган. Мирзиёев Бектеновни яқинда ушбу лавозимга тайинлангани билан самимий қутлаган ва масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилаган.
Учрашувда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Хусусан, бўлажак олий даражадаги қўшма тадбирларга тайёргарлик доирасида ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
"Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш жараёнида, шу жумладан ваколатли вазирлар бошчилигидаги ишчи гуруҳ доирасида тўсиқларни бартараф этиш ва ўзаро келишилган чораларни кўриш зарурлиги қайд этилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, учрашув давомида стратегик шерикликда муҳим йўналишлар бўлган саноат, транспорт ва логистикада кооперацияни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Устувор тармоқлардаги инвестиция дастурларининг янги портфелини ҳамда транспорт ва энергетика соҳасидаги минтақавий аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳаларни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқ экани таъкидланган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни тубдан кенгайтириш мақсадида ҳукуматлар даражасида яқин ва тизимли алоқаларни давом эттириш муҳимлигини қайд этган.
Таъкидлаш жоизки, бу Олжас Бектеновнинг янги лавозимга тайинлангандан кейинги иккинчи хорижий ташрифи. У биринчи ишчи ташрифини март ойи бошида Россияга амалга оширган.