Мирзиёев G20 доирасидаги онлайн-саммитда нутқ сўзлади
Жамият
−
12 Январь 2023
6215Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 январь куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди раислигида онлайн шаклда ўтказилган “Глобал Жануб овози” саммити ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”ка (G20) раислиги доирасида ташкил этилган тадбирда Вьетнам, Гайана, Мозамбик, Сенегал Бангладеш, Мўғулистон, Таиланд, Камбожа, Папуа-Янги Гвинея раҳбарлари қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, инсон манфаатларига йўналтирилган барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди. Иқтисодиёт, экология, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш, инновациялар, туризм ва бошқа йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр ва аниқ таклифлар алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугунги халқаро вазиятда кузатилаётган долзарб тенденцияларга баҳо бериб, ривожланаётган мамлакатлар олдида турган асосий устувор вазифалар борасида фикр билдирди.
“Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти турли қарама-қаршилик ва зиддиятларнинг кескинлашуви, иқтисодий инқирознинг салбий оқибатларига дуч келмоқда. Биз халқаро муносабатларда очиқ мулоқот ва ўзаро ишончнинг тобора камайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, деди Мирзиёев.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани ва икки халқ ўртасидаги умумий манфаатларга хизмат қилаётгани қайд этилди.
LiveБарчаси