Мирзиёев Эрон Президенти билан учрашди
Жамият
−
09 Ноябрь 2023
3693Пойтахт Тошкентда ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида бугун, 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, инвестициялар, инновациялар ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзаро мулоқотлар фаол давом этаётгани айтилган.
Икки томонлама савдода ўсиш суръати сақланиб қолмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари биргаликда амалга оширилмоқда.
Учрашувда илгари олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги, логистикада ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.
Ўзбекистон ва Эрон раҳбарлари маданий-гуманитар ва илм-фан соҳасидаги алмашинувларни ривожлантириш муҳимлигини кўрсатиб ўтган.
Шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан Афғонистондаги бугунги вазият нуқтайи назаридан кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий Тошкентга бугун, 9 ноябрь куни рафиқаси Жамила Аламолхода билан ташриф буюрди.