Мирзиёев Эрдўғаннинг ўринбосарини мукофотлади
Жамият
−
16 Март 2023
5394Аввал хабар берганимиздек, кеча, 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркияга бориб, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон раҳбари Туркия етакчисига ушбу мамлакатнинг жануби-шарқий музофотларида ўтган ойда рўй берган вайронкор зилзилалар муносабати билан шахсан чуқур ҳамдардлик билдирган. Жабр кўрган музофотларни қайта тиклаш ва янги инфратузилмани барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган.
Туркия Президенти, ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти ва халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатган биродарлик ёрдами, қутқарув ишларидаги фаол иштироки ва жабрланганларга инсонпарварлик кўмаги учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдирган.
Туркий давлатлар ташкилотининг 16 март куни ўтадиган фавқулодда саммити ташкилотдаги мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва биродарлик ришталарининг ёрқин ифодаси бўлишига ишонч билдирилган.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръати мамнуният билан қайд этилган.
Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, ўтган йили 370 та янги корхона ташкил этилди. Кейинги олти йилда Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард долларни ташкил этди.
Энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, енгил саноат ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, шу жумладан Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилган.
Давлат раҳбарларининг учрашуви ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона муҳитда ўтган.
Якунда Туркия Республикаси Вице-президенти Фуат Ўқтой Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
LiveБарчаси