Мирзиёев Эрдўған билан учрашди (фото)
Жамият
−
21 Август 2023
8187Кеча, 20 август куни Будапешт шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар бир-бири билан одатдагидек самимий қучоқлашиб кўришган.
Айтилишича, учрашувда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Шунингдек, Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнида фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани қайд этилган.
Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари икки мамлакат етакчи компанияларининг устувор тармоқларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги режаларини олқишлаган.
Икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси, шу жумладан қўшма Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг жорий йилда ўтказилиши мўлжалланган саммитларига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған ҳам Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан кеча, 20 август куни Будапештга бир кунлик ташриф билан борди.