Эрдўған ҳам эртага Венгрияга боради
Олам
−
19 Август 2023
6062Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан эртага, 20 август куни Будапештга бир кунлик ташриф билан боради. Бу ҳақда Эрдўған маъмуриятидаги манбаларга таяниб, TRT хабар берди.
Айтилишича, музокаралар чоғида биринчи навбатда Украина инқирозини ҳал қилиш, дон битими бекор қилингандан кейин Қора денгизда хавфсизликни таъминлаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, учрашувда жорий йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 100 йиллиги нишонланадиган икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам ҳар томонлама муҳокама қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, суҳбатда йил охирида Будапештда бўлиб ўтадиган Венгрия-Туркия олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Маълумот учун, Эрдўған охирги марта Венгрияга 2019 йилнинг ноябрь ойида ташриф буюрган. Жорий ташриф Венгриянинг миллий байрами - авлиё Иштван кунида амалга оширилади. Туркия раҳбари Будапештда байрам тадбирларида иштирок этадиган бир қатор давлат раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Будапештга жўнаб кетган эди. У ҳам ташриф давомида Венгриянинг давлат байрами – авлиё Иштван кунига бағишланган тадбирларда иштирок этиши айтилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь