Мирзиёев Эрдўған билан телефонда гаплашди
Жамият
−
15 Май 2023
10265Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари Туркия етакчисини мамлакатда президентлик ва парламент сайловлари муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлади. Уларнинг якунларига кўра, сайловчиларнинг кўпчилиги амалдаги Президент ва Республика альянсига овоз берган.
Овоз бериш натижалари қардош Туркия халқи Президент Ражаб Тойиб Эрдўған раҳбарлигида амалга оширилаётган сиёсий янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганидан далолат экани алоҳида таъкидланди.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини тайёрлаш бўйича фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 май куни Туркияда ўтказилган сайлов бюллетенларининг 100 фоизи бугун, 15 майда ҳисоблаб натижалар эълон қилинганди. Унга кўра, Ражаб Тойиб Эрдўған 49,35%, Камол Қиличдорўғли 45%, Синан Ўған эса 5,22% овоз олган. Биринчи босқичда номзодлардан бирининг ғалабаси учун у камида 50% овоз тўплаши керак. Демак, Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи турини ўтказиш эҳтимоли катта – бу жорий йилнинг 28 май куни бўлиб ўтиши мумкин.
LiveБарчаси