Мирзиёев Бектемирдаги боғда кўчат экди
Жамият
−
20 Март
2348Бугун, 20 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида асос солинган боғга давлат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари билан бирга кўчат экди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ийкота, Мажнунтол, Зилола, Роҳат ва Иқбол маҳаллалари орасидаги бу ҳудуд аввал қаровсиз жой бўлган. Элнинг бирлиги билан яна бир яшил макон, аҳоли ҳордиқ чиқарадиган парк пайдо бўлмоқда. Уч гектарлик ҳудудга ўрмон концепцияси асосида уч минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилган. Уларнинг суғорилиши ва парваришига масъуллар бириктирилган.
Маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан самимий мулоқот бўлган. Давлат раҳбари жамоатчилик вакилларига ушбу хайрли ташаббусга ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирган. Барчани кириб келаётган Наврўз байрами билан табриклаган.
“Президент фармойиши билан эълон қилинган долзарб бир ойлик доирасида маҳаллаларда деҳқончилик ва ободонлаштириш ишлари сафарбарлик билан олиб борилмоқда.
Баҳорда 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган. Бунда экин жойларини тўғри танлаш, суғоришни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги боғда экилган кўчатлар ана шу эзгу амалнинг давоми бўлди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили давлат дастурига мувофиқ, бу йил кўчатчиликка ихтисослашган 18 та ўрмон хўжалиги ташкил қилинади. Уларда “илм-лойиҳа-амалиёт” тамойили асосида генетик селекция ишлари кучайтирилиб, плантациялар кенгайтирилади. “Яшил олам” платформаси ишга туширилиб, кўчатларни онлайн сотиб олиш йўлга қўйилади.