Мирзиёев барча раҳбарларни қатъий огоҳлантирди
Жамият
−
05 Март
22355Президент Шавкат Мирзиёев суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда у бугун, 5 март куни ўзининг раислигида ўтаётган коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда сўз очди.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилган. Лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”, деди Президент.
Одил судловни амалга оширишда адвокатлар ўрни жуда муҳим. Бу борада адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсата олишлари учун имконият яратиш кераклиги қайд этилди.
Мутасаддиларга уч ой ичида сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди.
Бундан ташқари, ҳозирги технологиялар даврида коррупциянинг янги, рақамли кўринишлари пайдо бўлмоқда. Шу боис янги ўқув йилидан Ички ишлар ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияларида бу йўналишда мутахассис тайёрлаш бошланади.
Лекин бундай турдаги жиноятларни аниқлаш ва олдини олишда фақатгина замонавий кадрларни ўзи етарли эмаслиги қайд этилди. Халқаро тажрибани ўрганиб, киберкоррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш зарурлиги таъкидланди.
Мансабдорлик ва маиший коррупция омилларини таҳлил қилиш, уларни олдини олиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, ҳозирда қонунчиликда коррупциявий жиноятларнинг аниқ рўйхати йўқлигига эътибор қаратилди. Парламент тасдиқлаган қонунда асосан жазони кучайтиришни ўзи билан чекланиб қолингани, коррупцияни олдини олиш, одамларимизни бунга тоқатсизлик руҳида тарбиялаш, профилактика механизмларини яратиш, жиноятни фош этишга ёрдам берганларни рағбатлантириш каби масалалар акс этмагани кўрсатиб ўтилди.
Шунинг учун Президент бу қонунни қайта ишлаш учун қайтаришини айтди.
Шунингдек, жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни ҳам халқаро стандартларга мослаштириш лозимлиги қайд этилди. Мисол учун, Швейцария, Австрия, Германия, Россия, Озарбайжон қонунчилигида давлат харидлари ва йирик бизнес лойиҳалар параметрларини олдиндан сиздириб (инсайдерлик), даромад олганлик ҳам жиноий даромадларни легаллаштириш, деб баҳоланади.
LiveБарчаси