Мирзиёев аёллар учун “СПЕКА эътирофи” халқаро мукофотини таъсис этишни таклиф қилди

Жамият

image

Бугун, 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Баку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Хожамират Гелдимирадов, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан ҳамда Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАП) ижрочи котиби Армида Алисжабана, шунингдек, фахрий меҳмонлар – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим Ал-Будайвий қатнашди.

Ўзбекистон етакчиси Озарбайжоннинг самарали раислигида СПЕКА доирасидаги минтақавий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлаган.

Мирзиёевнинг қайд этишича, мазкур муҳим платформа Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий шерикликнинг амалий механизми сифатида ўзининг ниҳоятда зарурлигини яққол кўрсатган.

Айтилишича, дастур доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, сув ресурслари, экология, гендер тенглиги ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 400 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди, савдони соддалаштириш ва инновацион ривожланиш стратегиялари қабул қилинган.

“Ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон, Грузия ва Венгрия билан саноат кооперацияси ва инфратузилма бўйича йирик дастурларни амалга оширмоқдамиз. Қўшма инвестиция компанияларини ташкил этиб, молиялаштириш механизмларини йўлга қўйдик. Чегара ҳудудларида замонавий савдо-логистика марказлари ва махсус иқтисодий зоналар барпо этилмоқда”, деган Президент.

Ҳозирги глобал геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа мамлакатлари дуч келаётган хавф-хатарларга эътибор қаратиб, Ўзбекистон етакчиси СПЕКА доирасидаги минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича қатор амалий ташаббусларни илгари сурган.

Дастурни иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш борасида янада таъсирчан минтақавий платформага айлантириш мақсадида шерикликнинг асосий йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлигини кескин ошириш, дастурнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилган.

Шунингдек, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ҳамда ЭСКАП экспертлари билан биргаликда “СПЕКА–2030” тараққиёт концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилган.

Минтақавий савдони рағбатлантириш мақсадида Шавкат Мирзиёев мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва экспорт-импорт операцияларини техник тартибга солиш чораларини уйғунлаштириш борасида жаҳондаги энг илғор тажриба ва амалиётларни жорий этишни назарда тутадиган қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсад мувофиқлигини таъкидлаган.

Мирзиёевнинг фикрича, ушбу чораларнинг қабул қилиниши давлатларнинг ўзаро савдо айланмасини 2030 йилга бориб 100 миллиард долларга, унинг таркибидаги саноат маҳсулотлари улушини эса 70 фоизга етказиш имконини беради.
Бундан ташқари, “Яшил” иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, логистика, муқобил энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида СПЕКАнинг Мақсадли жамғармасини келгуси йилнинг ўзида ташкил этиш ва унинг амалий ишини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилган.

“Жамғарма халқаро тараққиёт институтлари билан фаол ишлаши, устувор лойиҳа ва дастурларга молиявий ресурслар ва грант маблағларини энг мақбул шартларда жалб этиши лозим. Ўзбекистон ҳам уни шакллантириш учун ўз молиявий ҳиссасини қўшишга тайёр”, деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзаро боғлиқ транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳақида сўз юритар экан, Президент Мирзиёев Транскаспий мультимодал йўлаги доирасида маълумот алмашиш жараёнини рақамлаштиришга қаратилган “йўл харитаси”ни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш зарурлигини таъкидлаган.

Келгуси йилда Ўзбекистонда “Рақамли транспорт маршрутлари” халқаро форумини ўтказиш ташаббуси ҳам илгари сурилган.

Шунингдек, БМТ ихтисослашган институтлари билан минтақада транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича йирик лойиҳаларни фаол илгари суриш нияти билдирилган.

Ўзбекистон етакчиси СПЕКА доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича юқори даражадаги махсус ишчи гуруҳини тузишни ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказишни таклиф қилган.

“Ушбу тадбирнинг кун тартибидан етакчи агросаноат корхоналаримиз ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, илмий-технологик алмашувларни рағбатлантириш ва ресурсларни тежайдиган илғор ечимларни жорий этиш, “экспресс” йўлакларни ишга тушириш каби масалалар асосий ўрин эгаллайди”, деган Ўзбекистон раҳбари.

Сув, энергетика, экология ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ўзаро узвий боғлиқ эканидан келиб чиқиб, СПЕКАнинг кенг кўламли янги концептуал ҳужжатини – кўп томонлама “Яшил стратегияси”ни қабул қилиш вақти келгани кўрсатиб ўтилган.

“БМТ таҳлилларига кўра, сув тақчиллиги туфайли минтақа давлатлари ҳар йили қарийб 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда. Бундай мураккаб жараён янада кучайса, муаммолар комплекс ҳал этилмаса, келгусида аҳоли жон бошига сув билан таъминлаш кўрсаткичи 25 фоизга, ҳосилдорлик эса 40 фоизга қисқариб кетиши мумкин, деган Президент Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратган.
Бу борада ишбилармон хотин-қизларнинг фаол ташаббусларини ва аниқ режаларини доимий ва тизимли рағбатлантириш мақсадида СПЕКА Тадбиркор аёллари кенгашини тузиш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, Президент Мирзиёев ушбу кенгаш доирасида мамлакатлар равнақи ва иқтисодий тараққиётига, умумий ҳамкорликка беқиёс ҳисса қўшиб келаётган аёлларни “СПЕКА эътирофи” халқаро мукофоти билан тақдирлаш ташаббусини илгари сурди.

Шунингдек, Мирзиёев икки кун муқаддам Парижда қабул қилинган, UNESCOнинг Бош Ассамблеяси сессиясини илк бор Марказий Осиёда –Самарқанд шаҳрида 2025 йилда ўтказиш бўйича тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун барча иштирокчиларга алоҳида ташаккур изҳор этган.

Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон барқарор тараққиёт ва фаровонликни таъминлаш мақсадида СПЕКА минтақавий дастури доирасидаги кўп томонлама шерикликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев БМТ аёллар СПЕКА эътирофи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг