Мирзиёев “Арқадағ” билан юзма-юз музокара ўтказди

Жамият

image

Бугун, 22 август куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий туризм зонасининг Конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида Туркманистон етакчиси Президент Мирзиёевга Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу етакларини етказди. Ўзбекистон етакчиси мамлакат раҳбарияти ва қардош туркман халқини шу ой бошида Авазада БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссиялар ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ҳамда қатор маданий тадбирларни самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланди. Етакчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак еттинчи Маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашди. Шу маънода, “Озарбайжон – Туркманистон – Ўзбекистон” форматидаги музокаралар муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Маълумот учун, бугун Ўзбекистон етакчиси “Озарбайжон – Туркманистон – Ўзбекистон” форматидаги уч томонлама учрашувда иштирок этади ва икки томонлама музокаралар ўтказади. “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтадиган тадбир кун тартибига мувофиқ, кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга етиб борганди. Туркманбоши шаҳри аэропортида давлат раҳбарини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Нокергули Атагулиев ва бошқа расмий шахслар кутиб олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон Арқадағ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг