Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашди. Номзод аҳолига қандай ваъдалар берди

Жамият

image

Хабарингиз бор, бугун, 29 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Учрашувни номзоднинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Ўктамжон Охунов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев маъруза қилиб, йиғилганларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. Бу дастур иқтисодиёт, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, ҳудудлар ривожи, давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат, маданият соҳаларига оид ўнта устувор йўналишни қамраб олган.

Номзод бугунги кунда Андижон вилоятидаги долзарб масалаларга тўхталиб, уларни ҳал этиш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича ўз режаларини баён этди.

Таъкидланганидек, одамларнинг соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашга биринчи навбатда эътибор қаратилади. Келгуси икки йилда шаҳар ва туманларда 11 та янги оилавий поликлиника ҳамда 29 та маҳаллада оилавий шифокорлик пункти ташкил этилади. Вилоятдаги барча тиббиёт муассасалари тўлиқ таъмирланиб, замонавий жиҳозланади.

Аҳолига муносиб яшаш шароитлари яратиш мақсадида келгуси беш йилда вилоятда 21 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади. 5 минг километр электр тармоқлари тортилиб, 2 мингта трансформатор ўрнатилади. Натижада 350 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектларининг электр таъминоти барқарорлашади.

Номзоднинг дастурида аҳолини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Келгуси беш йилда Андижон вилоятида 420 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилиб қўйилган.

Хусусан, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали 170 минг аҳоли бандгини таъминлаш мумкинлиги айтилди. Хизмат кўрсатиш соҳасида 80 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади ва хизматлар ҳажми 3 баробар ошади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда Андижон вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат бюджетидан 40 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Яна бир муҳим йўналиш инвестиция ва экспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишдир. Шу мақсадда келгуси беш йилда умумий қиймати 8 миллиард доллардан зиёд бўлган 4 минг 500 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланган.

Вилоят экспорти ҳажмини 4 баробарга ошириб, йиллик 2,5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини 42 фоиздан 76 фоизга ошириш режалаштирилган.

Маърузада қишлоқ хўжалигидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Ер ва сув ресурсларидан унумли фойдаланиш орқали 80 мингта янги иш ўрни яратиш имкони борлиги таъкидланди.

Таълим, маданият, спорт соҳаларини ривожлантиришга доир режалар ҳам айтиб ўтилди.

"Биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни режалаштираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона ва улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, инсон қадрини улуғлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, бир сўз билан айтганда, эл дуосини олиб, уни рози қилишдан иборат", дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда партия аъзолари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди, фуқароларни сайловда фаол иштирок этишга ундади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

80

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг