Мирзиёев аҳоли жон бошига даромадни 4 минг доллардан оширишга ваъда берди
Жамият
−
09 Сентябрь 2021
14357Мирзиёев келгуси беш йил учун Президент бўлиб сайланса, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 2030 йилгача бориб 4 минг доллардан оширишга ваъда берди. Бу ҳақда у бугун, 9 сентябрь куни ўтаётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Х съездида сўз очди.
“Мавжуд захира ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда турибди (1 минг 750 доллардан 2 минг 800 долларга).
Шу тариқа 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратган бўламиз”, дея Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда блогер Азиза Қурбонова.
Амалдаги Президент юқоридаги ваъдаларга эришиш осон вазифа эмаслигини ҳам қайд этган.
“Албатта, бу осон вазифа эмас. Бунга эришиш учун, аввало, иқтисодиётда илм ва инновацияларга асосланган ривожланиш ҳисобидан янги технологиялар ва қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш орқали меҳнат самарадорлигида туб ўзгаришлар қилишимиз шарт", дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент, шунингдек, мис саноатини ривожлантириш, табиий газни қайта ишлаш, кимё кластерларини ташкил қилиш, геологик қидирув ишлари ҳажмини кескин ошириш бўйича янги лойиҳалар ҳақида сўзлаб берган. Унга кўра, келгуси беш йилда:
• саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади;
• мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага ошади ва 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилади;
• табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади;
• рақамли иқтисодиётнинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 миллиард долларга етказилади;
• ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланади, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва интернет билан қамраб олинади;
• халқаро магистрал интернет тезлиги – 5 баробарга, туманлараро тармоқлар тезлиги – 8 баробарга оширилади.
LiveБарчаси