Мирзиёев ҳокимларга ичимлик суви таннархини арзонлаштириш вазифасини қўйди
Жамият
−
24 Октябрь 2023
10573Бугунги кунда 1 куб метр ичимлик суви таннархи Тошкент шаҳрида 448 сўм бўлгани ҳолда Наманганда қарийб 3 минг сўмни, Самарқанд ва Навоийда 2 минг 600 сўмни ташкил қилади. Бу ҳақда 23 октябрь куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини яхшилаш, озиқ-овқат экинларини экиш масалалари бўйича йиғилишда айтиб ўтилди.
“Сув ишлаб чиқариш таннархида электр энергияси улуши республика бўйича ўртача 27 фоиз. Лекин Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич юқори”, деган у йиғилишда.
Давлат раҳбари вилоят ҳокимларига ичимлик суви таннархини арзонлаштириш вазифасини қўйди. Бунга сув корхоналари ишлатадиган электрнинг бир қисмини “яшил энергия”га ўтказиш орқали эришиш мумкинлигини айтиб ўтди.
“Ҳозирда сув корхоналари 1 киловатт-соат электрни 900 сўмдан сотиб олмоқда. Қуёш станцияларида ишлаб чиқарилган электр нархи эса ўртача 350-400 сўм, яъни 2 баробардан зиёд арзон. Инвесторларни жалб қилиб, сув иншоотлари атрофидаги бўш майдонларда қуёш панеллари ўрнатиш мумкин”, дея таклиф киритган Президент.