Мирзиёев ҳарбий маҳсулотлар чиқарувчи янги корхонани очиб берди
Жамият
−
11 Январь
22169Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев янги турдаги ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича корхона фаолиятига старт берди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари бугун, 11 январь куни Мудофаа саноати агентлигининг Тошкент вилоятида жойлашган ишлаб чиқариш кластерига борган.
Президентга Мудофаа саноати агентлигининг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар ва келгуси режалар тўғрисида батафсил ахборот берилган.
“Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ қисқа муддатда Мудофаа вазирлигининг бир нечта техник бўлинмалари негизида кенг кўламли қурилиш ишлари бажарилди, мавжуд объектлар мукаммал таъмирланди ва реконструкция қилинди. Кластер ҳудудига Мудофаа вазирлигининг техникани таъмирлаш заводи ва Марказий автомобиль техникасини сақлаш базаси кўчирилди.
Янги кластер ҳудудида жойлашган корхоналар ўзаро интеграция қилиниб, уларнинг ягона таъмирлаш цехлари ташкил қилинди. Мазкур корхоналарда қурол-яроғ ва ҳарбий техника, радиолокация қурилмалари, оптик ва электрон-оптик асбоблар, ўқотар ва артиллерия қуроллари модернизация қилинмоқда ҳамда металларга юқори аниқликда ишлов берилмоқда”, дейилади хабарда.
Мирзиёев ушбу қувватлар фаолияти билан танишиб, соҳага илғор технологияларни кенг жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш зарурлигини қайд этган, корхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берган.
Шунингдек, давлат раҳбарига Мудофаа саноати агентлигининг янги кластеридаги ишлаб чиқариш қувватлари томонидан таъмирланган ва модернизация қилинган ҳарбий техника ва қурол-яроғ намуналари намойиш этилган.
Ташриф чоғида Олий Бош қўмондон янги турдаги ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича корхона фаолиятига старт берган. Маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, муҳандис ва мутахассислар малакасини ошириш зарурлигини таъкидлаган.
Якунда Президент мутасаддиларга мудофаа саноати корхоналарининг ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берган.
LiveБарчаси