Мирзачўлда халқ таълими бўлими мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди
Жамият
−
30 Март 2023
5629Жиззах вилояти Мирзачўл тумани халқ таълими бўлими мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди. Улар давлатга 1 ярим миллиард сўмдан зиёд моддий зарар етказгани аниқланган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ ҳужжатлари асосида вилоят Давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан ўтказилган текширув натижасида Мирзачўл тумани халқ таълими бўлими фаолиятида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Аниқланишича, туманда ўрнатилган тартиб-қоидаларга зид равишда ортиқча синфлар шакллантирилиши, таътил, иш ҳақи ва устама пуллар меъёридан кўп тўланиши, қурилиш-таъмирлаш ишларида қўшиб ёзиш, умумий ўрта таълим мактабларидаги товар-моддий бойликларда камомадлар мавжудлиги ва бошқа ҳолатлар натижасида давлатга 1 млрд 593 млн сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳозирда Мирзачўл тумани халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Навоий вилояти Хатирчи тумани Халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 43 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь