Миробод тумани суди қарорида техник хатоликка йўл қўйилгани аниқланди

Жамият

image

Аввалроқ Тошкент шаҳар Миробод тумани суди ўзбекистонлик шахсни Россияда бўлиб турган даврида Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасликда айблаб, 15 суткага қамаш ҳақида қарор чиқаргани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Судьялар олий кенгаши муносабат билдирди.

Аниқланишича, шу йилнинг 17 май куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида У.Р.га доир маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилиб, тегишли жазо тайинланган. Суд қарорида ҳуқуқбузарлик содир этилган сана “16 апрель” дея қайд этилган. Аммо мазкур ҳолат техник хатолик экани аниқланган. Билдирилишича, судья томонидан ўша вақтнинг ўзида қўшимча қарор чиқариш йўли билан хатолик бартараф этилган.

Қўшимча қилинишича, жорий йилнинг 16 май куни содир этилган ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш материаллари 17 май куни судга келиб тушган бўлиб, электрон тақсимотга кўра, судья С. Хўжамқулова иш юритувига олинган.

“Мазкур жараён тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, ушбу дастурга инсон омилининг таъсири йўқ. Алоҳида таъкидлаш шартки, ушбу баёнот суд қарори қонунийлиги юзасидан кенгаш хулосаси сифатида талқин қилинмаслиги керак. Чунки, қонунга кўра, суд қарорларига ҳуқуқий баҳо бериш юқори суд инстанцияси ваколатига тааллуқли”, дейилади кенгаш муносабатида.

Шунингдек, кенгаш суд қарори қонуний кучда экани ва техник хатолик бартараф этилгани боис, судьяга нисбатан хизмат текшируви ўтказишга етарлича асос йўқ, деб ҳисоблашини қайд этган.

“Бироқ мавжуд ҳолат жамоатчиликда суд ҳокимиятига нисбатан нотўғри тасаввурлар пайдо қилиши эҳтимолини юзага келтиргани эътиборидан Тошкент шаҳар судига унинг сабабларини ўрганиш тавсия қилинди”, дейилади муносабатда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг