Миробод суди фуқарони Ўзбекистонда бўлмаган пайтида ИИО ходимига бўйсунмаганликда айблади
Жамият
−
22 Май
10744Тошкент шаҳар Миробод тумани суди ўзбекистонлик шахсни Россияда бўлиб турган даврида Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасликда айблаб, 15 суткага қамаш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Ташановга келиб тушган қарорга кўра, фуқаро Умид Рустамов ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, майда безорилик содир этиб, 15 суткага қамалган.
Қайд этилишича, бу ҳодиса шу йилнинг 16 апрелида Тошкент шаҳар Миробод тумани Саид Барака кўчасида содир бўлган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик ишда тўпланган материаллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва баённомалар билан тўла ўз исботини топган.
Аммо Умид Рустамов шу йилнинг 20 мартидан 25 апрелигача оиласи билан Россия Федерациясида бўлган. Буни унинг паспорт маълумотларидан ҳам кўриш мумкин.
“Яъни, судья хоним уни безорилик содир этганликда айблаган кунларда у мамлакатимиздан 5 минг чақирим узоқда эди. Бу қарорни аппеляция суди ҳам кучда қолдирди, уни эса адвокати билан учраштиришмаяпти”, дея ёзган Ташанов.
Инсон ҳуқуқлари фаолининг қайд этишича, аслида бу воқеа “Аёл такси” деб номланган ширкат ходимлари устидан бошланган “ов” билан боғлиқ.
“Ички ишлар органларида ширкат ходимлари фаолиятига оид қандайдир тезкор маълумотлар бор, тезкор маълумотларни текшириб, ходимларни гумондорга айлантириш учун вақт керак. Бир амаллаб 15 суткага тиқиб олишса, қолганини давом эттириш мумкин. “Бўйсунмади” деган навбатчи айблов билан маъмурий иш судга олиб чиқилади, суд қамоқни қонунлаштириб беради, тамом. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бу каби амалиёти янгилик эмас. Ҳозирги кунда ҳатто бу қонунбузарлик ҳам бўлмай қолди, аммо судлар ишни “қонунлаштириётганида” ҳужжатларни бир текшириб қўйишса, олаётган маошлари ҳалол бўлармиди?” дея ёзган Абдураҳмон Ташанов.
LiveБарчаси