Миразиз Бозоровга оид суд маълумотлари сир сақланади – Ташанов

3-саҳифа

image

Жабрланувчиларнинг илтимосига кўра, Миразиз Бозоровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши суд мажлисига оид маълумотлар ва жабрланувчиларнинг шахси сир сақланади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси – “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

“Жабрланувчиларнинг илтимосига кўра, уларнинг шахси, судга оид маълумотлар сир сақланадиган бўлди. Суднинг қонуний ҳумки кучга кирганидан кейин, булар ҳақида гапирилади. 

Чунки улар ҳақиқатан ҳам жамоатчиликка таниқли шахслар. Шунинг учун ҳам суд шундай қарорга келди”, дейди Ташанов. 

Унинг қайд этишича, ҳозирча суд жараёнида процессуал бузилишлар аниқланмаган. 

Шунингдек, суд ҳали узоқ давом этиши маълум қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 20 январь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида Миразиз Бозоровга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни кўриб чиқиш бўйича суд иши бошланди. Судда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг "Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири ўринбосари Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) ва блогер Шуҳрат Мусаев жабрланувчи сифатида иштирок этмоқда. 

Шунингдек, суд мажлисида халқаро ташкилотлар вакиллари, хусусан Германия элчихонаси ходимлари ҳам иштирок этмоқда. Уларнинг ичкарига киришига ҳеч қандай тўсқинлик қилинмаган, ПЗР-тест манфий жавоби ҳам сўралмаган. Ҳолбуки, журналистлардан ичкарига кириш учун ҳеч қандай асоссиз ПЗР-тест талаб қилинган. 

 

 

Миразиз Бозоров иши 

2021 йилнинг 11 март куни Миразиз Бозоров TikTok’даги саҳифаси орқали ЛГБТ ҳимоячиларига мурожаат билан чиқиб, ҳар жума Ҳазрати Имом мажмуаси жойлашган майдонда тўпланиш ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таклифини билдирган эди. 

28 март куни соат 15:00 атрофида пойтахт Тошкентнинг Амир Темур хиёбони атрофида жиноят кодексидан бесоқолбозлик моддасини чиқариб юборилишига қарши жамоатчилик вакилларининг норозилик намойиши бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ИИББга кўра, 3-4 нафар фуқаролар Т.С. исмли йигит ва Б.Р. исмли қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларни уришга ҳаракат қилган. Ушбу фуқароларга 20-25 нафар бошқа шахслар қўшилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик ҳаракатларини содир этган. Воқеа жойида хизмат қилаётган Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ходимларининг аралашуви билан Т.С. ва Б.Р. ҳимоя қилиниб, уларга тан жароҳати етказилишига йўл қўйилмаган. Жанжални бошлаган ва фаол иштирокчиси бўлган фуқароларнинг 12 нафари ушланган.

Шунингдек, 28 март куни тахминан соат 22:45 ларда Миробод тумани Афросиёб кўчаси 21-уй олдида 3 нафар номаълум шахслар 1991 йилда туғилган Бозоров Миразиз Мирзажон ўғлини уриб, тан жароҳатлари етказган ва воқеа жойидан номаълум тарафга яширинган. Олган тан жароҳатлари билан Миразиз Бозоров шифохонага ётқизилган.

Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, ушбу фуқарода бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

2021 йилнинг 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар Тошкент шаҳар ИИББга фуқаролардан 28 та ариза келиб тушган бўлиб, унда Миразиз Бозоров интернетда жойлаган видеоларида ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб тухмат қилгани, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилган. 

Шунингдек, Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларидан жамоавий ариза келиб тушган бўлиб, унда Интернет тармоғидаги медиамаконларда мазкур мактаб ўқитувчиларининг касбий ва шахсий сифатлари ҳақида ҳақоратли маълумотлар тарқатгани ва шу билан уларнинг обрўсини топтагани учун Миразиз Бозоровга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Терговга қадар текширув натижаларига кўра, Базаров Миразизнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” бандида (“Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш”) назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги аниқланиб жиноят иши қўзғатилди.

Воқеалар авжига чиққан бир пайтда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга янги таҳрирдаги жиноят кодексидан бесоқолбозлик моддасини чиқариб ташлашни сўраб, мурожаат киритган эди. Айни вақтда мазкур масала сиёсат ва дин вакиллари, жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Депутат Расул Кушербоев биринчилардан бўлиб Human Rights Watch’нинг талабига қарши чиқди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий эса QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида халқаро ташкилотнинг Ўзбекистонга йўллаган ушбу мурожаати ва талаби давлат ва халқ ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилганини урғулади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров эса мммавий тартибсизликлар орқали диний чекловлар ўрнатилишидан манфаатдорлар борлигини айтиб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миразиз Бозоров Абдураҳмон Ташанов

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг