Минтақамизни қонга ва кўз ёшларига ботишига йўл қўймаймиз – Эрдўған
Олам
−
10 Январь 2020
7866Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған минтақада ёқилғи-энергетика учун устунликни талашиш ва бунинг ортидан уруш саҳналаштирилишига қарши эканини маълум қилди. Бу ҳақда у Россия Федерацияси билан ҳамкорликда амалга оширилган “Турк оқими” газ қувурини ишга тушириш маросимида гапирган.
“Кўриб турибсизки, сўнгги вақтларда минтақий ҳодисалар нуқтаи назаридан ўта оғир кунларни бошдан кечиряпмиз. Ҳамкоримиз АҚШ ва қўшнимиз Эрон ўртасида бир муддатдан буён давом этиб келаётган низо биз ўйлаб ҳам кўрмаган даражага етди. Туркия ўлароқ, на Сурия, на Ироқ, на Ливан ва на денгиз йўли орқали энергетика савдосининг 30 фоиздан кўпроғини қамраб олган Кўрфаз минтақасида ўзаро устунлик урушларининг саҳналаштирилишига қаршимиз”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбари сўзида давом этаркан, Ироқ аллақачон нотинч экани ва барқарорликни буткул йўқотиш хавфи билан юзма-юз турганини урғулади. У бу ҳақда гапираркан, “Ироқлик туркманларнинг қутқарилиши биз учун фуқароларимиз хавфсизлиги каби муҳимдир”, дейди. У сўзида давом этиб, араб, туркман, курд, шиа ва суннийси билан умум Ироқ халқи Туркиянинг дўсти эканини таъкидлади.
“Уруш кечаётган ушбу муҳим жараёнда биз дипломатиянинг барча усулларини қўллаб, кескинликни камайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу масалада сўнгги бир ҳафта ичида кўплаб расмийлар билан телефон орқали мулоқот қилдик. Айни вақтда Ташқи ишлар вазиримиз ҳам музокараларни давом эттирмоқда. Ниятимиз кескинликка барҳам бериб, вазиятга онгли бошқаришдир”.
Унинг фикрича сўнгги 20 йилда давом этиб келаётган можаролар сабаб минтақа оғир аҳволга келиб қолган. Фарқли кучлар ўртасида давом этган урушларнинг бадалини Ироқдан тортиб Суриянинг миллионлаб халқи тўламоқда. Асрлар давомида тинчлик ва осойишталик замини бўлган Ислом маданияти цивилизациясининг қадимий шаҳарлари харобага айланди.
“Минтақамизда янги бадаллар тўлашга ҳеч кимнинг мажоли қолмади. Ҳеч кимнинг ўз манфаати йўлида Ироқдан бошлаб, бутун минтақани янги олов ўчоғига ташлашга ҳаққи йўқ. Барча тарафлар билан мулоқотга кириша оладиган мамлакат ўлароқ дипломатик фаолиятимизни кўп қиррали тарзда давом эттирамиз. Биз барча имкониятларни сафарбар қилиб, минтақамизни қонга ва кўз ёшларига ботишига йўл қўймаймиз”, дейди Эрдўған сўзларини якунлаб.
Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу нутқида Туркиянинг бундан кейинги энг яқин дўсти ва ҳамкори Россия ва рус халқи эканини таъкидлаганди.