Эрдўған бундан кейин иттифоқдоши ва дўсти ким эканини айтди
Олам
−
09 Январь 2020
14787Кеча, 8 январь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Турк оқими” газ қувурини ишга тушириш маросими бўлиб ўтгани, унда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу маросимда нутқ сўзлаган Туркия раҳбари Эрдўған Россия ва рус халқини Туркиянинг энг яқин дўсти, узун йўлда йўлдоши эканини таъкидлади.
Президент Эрдўған Россия ва Туркия ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига расман 100 йил тўлгани, аслида эса бу алоқалар 500 йиллик тарихга бориб тақалашини тилга олди:
“Истиқлол урушида рус дўстларимиздан кўрган ёрдамни унутишимиз мумкин эмас. Ҳатто, совуқ урушнинг энг оғир даврларида ҳам Россия ва Туркия қўшничилик алоқаларига панд бергани йўқ. Сўнгги вақтларда ҳам айрим масалаларда фикрларимиз ҳамоҳанг бўлмаса ҳам, бунинг ҳамкорликдаги ишларимизни босиб ўтишига изн бермадик. Ҳурматли Путин жанобларининг кучли иродаси билан муносабатларимиз янада ривожланди”.
Эрдўғаннинг қайд этишича, Россия ва Туркия муносабатлари нафақат геосиёсий нуқтаи назардан, балки савдо-иқтисодий, маданий, туризм йўналишларида ҳам ривожланиб бормоқда. Давлат раҳбари бу ҳақда гапираркан, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 100 миллардга етказилишини урғулади. Аммо, бу турк лирасидами ёки рублдами, буниси аниқ эмас. Боиси Туркия ва Россия аллақачон ўзаро савдода доллардан воз кечган.
Шунингдек, Россиядан Туркияга бораётган сайёҳлар сони ҳам йилдан йилга ортиб бораётгани айтилди.
“Бугун очилиши бўлаётган “Турк оқими” эса янги даврдаги муносабатларнинг намунаси бўлади”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбари ўз сўзида келгуси иттифоқдоши ва энг яқин дўсти ким бўлишини ҳам урғулаб кетгандек. У Путинни Туркия танлаб олган йўлда энг ишончли йўлдош эканини таъкидлади.
“Рус халқида ота авлоддан ўтиб келаётган бир нақл бор: Ақлли йўлдош – йўлнинг ярми. Биз ҳам аввал йўлдош, кейин йўл дейдиган, йўл сингари йўлдошнинг ҳам муҳимлигига ишонган бир халқмиз”, дейди Президент Эрдўған.