Минтақада стратегик етакчига айланиш вақт келди – Жапаров
Олам
−
27 Февраль 4943 2 дақиқа
Қирғизистон учун минтақада стратегик етакчига айланиш мақсадини қўядиган вақт келди. Бу ҳақда бугун, 27 февраль куни мамлакат Президенти Садир Жапаров давлат қароргоҳида сўнгги беш йиллик фаолият якунлари бўйича бўлиб ўтган йиғилишда сўз очди.
Давлат раҳбари мамлакат бу даврда сезиларли натижаларга эришганини айтган. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилдан буён солиқ тушумлари қарийб тўрт баравар, божхона тўловлари олти баравар, солиқдан ташқари тушумлар эса деярли тўққиз баравар ошган. Жапаровнинг айтишича, сўнгги беш йил ичида Қирғизистон ҳаётининг барча соҳаларида ижобий ўзгаришлар юз берган.
“Авваллари биз вазиятни барқарорлаштириш ҳақида гапирган бўлсак, энди мамлакатни ривожлантириш ҳақида сўз юритяпмиз. Минтақада стратегик етакчига айланиш мақсадини қўядиган вақт келди”, деди Президент.
Унинг таъкидлашича, Қирғизистон денгизга чиқиш имкониятига эга эмаслиги ва табиий ресурслари чекланган мамлакат бўлишига қарамай, юқори иқтисодий ўсишга эриша олади. Бунинг учун эса сифатли бошқарув, сиёсий ирода, институционал интизом ва давлат манфаатларини шахсий манфаатлардан устун қўйиш зарур.
Президент 2030 йилгача белгиланган асосий мақсадларни ҳам маълум қилган. Унга кўра, аҳоли жон бошига ЯИМни 4 500 долларга етказиш, мамлакат иқтисодий ҳажмини камида 30 миллиард долларга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, Қирғизистон Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича дунёнинг етакчи 30 давлати қаторига киришни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат раҳбари ҳисобот йиғилишида Қирғизистонда сиёсий ўйинларга йўл қўйилмаслигини маълум қилганди.
Live
Барчаси