Минглаб намойишчилар Нетаньяхунинг қароргоҳига бостириб кирди (видео)

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакатда норозиликларга сабаб бўлган суд-ҳуқуқ ислоҳотини тўхтатишга чақирган Исроил Мудофаа вазири Йоав Галантни ишдан бўшатди. Бу ҳақда “Jerusalem Post” хабар берди. 

Қайд этилишича, 25 март куни телевидениеда гапирган Галант таклиф этилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳоти жамиятда улкан бўлинишни, шунингдек, армияга ҳам мисли кўрилмаган ғазаб, оғриқ ва умидсизлик ҳиссини келтириб чиқаришини айтган. У ташаббусни ҳозирги шаклда қўллаб-қувватлашдан бош тортиб, конструктив мулоқотга чақирган.

Бу баёнотдан сўнг Нетаньяху Галантни чақиртирган ва шахсан ўзи унга бўлган ишончи йўқолганини, Галлант энди Мудофаа вазирлигини бошқара олмаслигини маълум қилган.

Бош вазирнинг Мудофаа вазирини ишдан бўшатиш ҳақидаги қароридан сўнг, Қуддусда минглаб намойишчилар йиғилган. Минглаб норозилар йирик Аялон шоссесини тўсиб, ҳукумат раҳбари қароргоҳи томон йўл олган. Намойишчилар қароргоҳ олдидаги охирги полиция назорат пунктини бузиб ўтган ва воқеа жойида шиддатли тўқнашувлар содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари намойишчиларни сув пуркагичлар ва кўзни ёшлантирувчи газ билан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилган. 

Манбаларга кўра, тахминан беш соатдан кейин Исроил полицияси намойишчиларнинг мамлакатнинг асосий магистралини икки йўналишда тўсиб қўйган қолдиқларини тарқатиб юборган.

Маълумот учун, Исроилда учинчи ойдирки, ҳукуматнинг Олий суд ваколатларини чеклаш режалари туфайли халқ норозиликлари тинмаяпти. Нетаньяху ҳукумати таклиф этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳоти Олий суд судьяларини сайлаш жараёни устидан назоратни парламентдаги асосий партия фракциясига ўтказишни назарда тутади. Расмийлар Олий судга ҳукумат қарорларини бекор қилиш имконини берувчи қонунчилик тамойилидан ҳам воз кечмоқчи. Шунча норозиликка қарамай, Нетаньяху ислоҳотларни тўхтатишдан бош тортмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг Лондонга ташрифи шармандали тарзда бошланганди. У намойишчиларнинг ҳуштаклари ва ҳақоратли ҳайқириқлари остида Риши Сунак билан кўришган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Нетаньяху норозилик суд-ҳуқуқ ислоҳоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made