“Миллий тикланиш” Ҳукуматга “тонировка” бўйича жиддий таклиф тайёрлади

Жамият

image

Ўзбекистонда автомобиль ойналарини қорайтириш учун махсус рухсатнома талаб этилиши ҳамда бунинг учун тўловнинг юқорилиги ўтган йиллар давомида етарлича ва ортиғи билан муҳокама қилинди. Ва бу борада парламент қуйи палатасининг айрим депутатлари томонидан орқа ойна тусини бепул ўзгартириш, шунингдек, агар автомобилнинг икки ёнида орқа томонни кўриш учун кўзгу бўлса, пардаларни (чийпарда, дарпардалар) илиш мумкинлигига эришилди.

Аммо бу масаланинг ечими эмас. Чунки гап автомобилнинг фақат орқа ва орқа ён ойналари ҳақида эмас, барчасига бирдек тааллуқлидир. Чунки автомобиль салонида энг аввало ҳайдовчи учун қулайлик яратиш зарур.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Ҳукуматга автомобиль ойнаси тусини ўзгартириш учун тўловларни бекор қилиш бўйича таклиф киритмоқчи.

“Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси юртдошларимизга қулайлик яратиш ҳамда мутахассисларнинг хулосасига кўра фуқароларнинг қуёшнинг ультрабинафша нурларидан тери саратони касалига чалинишларининг олдини олиш, автомобиль кондиционерларини камроқ ишлатилишига ва бунинг натижасида ёнилғи камроқ сарфланиб, атроф-муҳитга зарарли моддаларнинг камроқ чиқишига, пировардида экологияни асрашга эришиш мақсадида автомобиль ойналари тусини ўзгартириш учун белгиланган тўловларни бекор қилиш, зарур деб ҳисоблайди.

Бунинг учун партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳукуматнинг 2020 йил 2 августдаги “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 646-сонли қарорига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрланди.

Зеро, мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Бош Қомусимизда белгиланганидек, Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади”, дейилади партия ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда ўз автомобили ойналарини қорайтирмоқчи бўлган фуқаролар бир йил муддат учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги қарорига асосан, орқа ва олд ён ойналар учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 150 000 сўм), орқа ён ойналар учун БҲМнинг 10 баравари (2 230 000 сўм) миқдорида тўловни амалга оширишлари зарур.

Мазкур тўлов миқдорининг юқорилиги боис, бугунги кунда айрим фуқароларгина автомобиль ойналари тусини ўзгартирган. 2019 йил статистикасига кўра, улар жами автомобиллар сонининг 0,1 фоизини ҳам ташкил қилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

тонировка

Баҳолаганлар

1413

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг