Миллий Мажлис Францияни Минск гуруҳи ҳамраислигидан чиқариб юборишни таклиф қиляпти
Олам
−
26 Ноябрь 2020
4608Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси мамлакат Ҳукуматига Францияни Минск гуруҳи ҳамраислигидан чиқариб юбориш юбориш бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига мурожаат қилишни таклиф этди. Бу ҳақда Миллий Мажлиснинг бугун, 26 ноябрь куни Франция Сенатининг Ҳукуматни Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олишга чақирган резолюциясига жавобан қабул қилинган баёнотда сўз боради.
“Миллий Мажлис Озарбайжон ҳукуматини ЕХҲТ раҳбариятига сўнгги кунларда ўз позицияси ва баёнотлари билан бетарафлигини шубҳа остига қўйган Францияни Минск гуруҳи ҳамраисларидан чақириб олиш тўғрисида мурожаат қилишга чақиради”, дейилади ҳужжатда. Ҳужжатга парламент аъзоларининг кўпчилиги овоз берган.
Баёнотда, шунингдек, “Озарбайжон ва Франция ўртасидаги мавжуд сиёсий муносабатларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида”, шунингдек “икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни чуқур таҳлил қилиш ва тегишли чораларни кўриш тўғрисида” таклифлар мавжуд.
26 ноябрь куни ўтган парламент мажлисидаги муҳокамалар давомида Франция Сенати томонидан қабул қилинган резолюцияда бир қатор депутатлар Озарбайжоннинг Париждаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олиш, Франция парламентининг юқори палатаси билан барча алоқаларни узиш тўғрисида таклифлар ҳам билдиришган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 ноябрь куни Франция Сенати мамлакат ҳукуматини Тоғли Қорабоғни тан олишга чақирувчи резолюция қабул қилди. Сенатннинг 306 аъзосидан 305 француз сенатори ҳужжатнинг қабул қилинишига овоз берган. Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу резолюция тавсиявий характерга эга ва ҳукумат учун мажбурий эмас.
Ўз навбатида, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу резолюциянинг қабул қилинишини провокация сифатида баҳолаган ва унинг қонуний кучга эга эмаслигини таъкидламоқда.
Маълумот ўрнида, Минск гуруҳи – Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излашга раҳбарлик қилаётган ЕХҲТга аъзо давлатлар гуруҳи. Минск гуруҳига Россия, АҚШ ва Франция ҳамраислик қилмоқда. Улардан ташқари Минск гуруҳига Беларусь, Германия, Италия, Туркия, Финляндия, Швеция ҳамда Озарбайжон ва Арманистон киради.
1992 йил 30 январда СССР қулаши билан мустақилликни қўлга киритган Арманистон ва Озарбайжон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича конференциянинг (1995 йил 1 январдан бошлаб – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ёки ЕХҲТ) ишига қўшилишди ва ушбу халқаро ташкилотга Тоғли Қорабоғдаги можарони ҳал қилишнинг тинч йўлларини излаш билан шуғулланиш имконияти яратилди.