АҚШ ҳукумати кимларнинг қўлига ўтяпти?
Таҳлил
−
09 Ноябрь
4581Ортда қолган АҚШ президентлиги сайловида Дональд Трампнинг мутлақ ғалабасидан сўнг бутун дунё унга сайловолди жараёнида берган ваъдаси юзасидан бир умид билан юзланмоқда. Бу ҳам бўлса, урушларни тўхтатиш, Украина ва Ғазода тинчлик ўрнатиш. Ушбу кутилма Трампнинг дунёга ўз услубида берган муболағага яқин ваъдаси, яъни 2025 йил 20 январь куни инаугурация маросимидан сўнг Оқ уйга киргач, Украинага босқинни 24 соат ичида якунлаш ва Яқин Шарқда тинчликка эришиш ҳақидаги гапларидан кейин пайдо бўлди. Трамп Оқ уйга киргач, қандай ишларни амалга ошириши ўз йўлига, аммо у бу вақтгача қилиши лозим бўлган иш бу – олдинда турган 2 ойдан кўпроқ муддат давомида ўз жамоасини шакллантиришдир. Бу жамоадаги энг муҳим курсилар, асосан, Оқ уй аппарати раҳбари, ташқи сиёсат учун жавобгар бўлган Давлат котиби ва бошқа муҳим лавозимларни ўз ичига олади. Хўш, энг оғир шароитларда ҳам президентлик пойгасидан чиқмаган ва уни якунда катта фарқ билан ўз фойдасига ҳал қилган Трамп энди Оқ уйда кимлар билан ишлайди ва яна кимларнинг гапларига қулоқ солади? Қуйида шу юзасидан аллақачон тасдиқланган ёки тасдиқланиши кутилаётган номзодлар ҳақида сўз юритамиз.
Блинкен “кабинетини йиғиштирмоқда”
Қўшма Штатлар ташқи дунёда салмоқли таъсирга эга бўлгани боис, бу ердаги энг муҳим лавозимлардан бири бу мамлакатнинг ташқи ишлари билан боғлиқ вазифаларни ўз зиммасига олувчи Давлат департаменти раҳбари лавозимидир. Баъзи инсайдларга кўра, Трамп бу ўринга флоридалик сенатор Марко Рубио номзодини кўриб чиққан. У Дональд Трамп даврида кейинги 4 йиллик учун АҚШнинг янги давлат котиби бўлиши кутиляпти. 1971 йилда Майамида туғилган Рубио санъат бакалаври ва ҳуқуқ фанлари доктори ҳисобланади. У сиёсатдаги фаолиятини 1998 йилда Ғарбий Майами шаҳар кенгашига аъзо бўлишдан бошлаб, 1999 йилда Флорида штатининг Вакиллар палатасига сайланган. 2006-2008 йилларда эса шу палатада спикер даражасигача кўтарилган. Орадан икки йил ўтиб, 2010 йилда Марк Рубио АҚШ Сенатига сайловда ғалаба қозонган ҳолда то шу кунгача Флорида штатидан сенатор бўлиб ишламоқда ва ҳатто Time журналига кўра, 2012 йилда энг нуфузли шахсларнинг юзталигидан ўрин олган. У 2019 йилда Сенатнинг Кичик бизнес қўмитаси раиси ҳам бўлишга улгурган. Марк Рубио Сенатдаги фаолияти давомида ўзининг Россия ва унинг ташқи сиёсатига қарши билдирган кескин позициялари билан эътибор марказида бўлиб келган. Хусусан, 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг, унинг банкларини халқаро SWIFT тўлов хизматлари тизимидан узишга чақирган. 2022 йилнинг дастлабки кунларида Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли тажовузи бошланишидан олдин республикачи ўз чақириғини яна такрорлаганди. Бундан ташқари, у Россиянинг Украинага ҳужуми содир бўлган тақдирда Владимир Путин ва Россия раҳбариятининг бир қатор бошқа асосий вакилларига нисбатан шахсий санкцияларни жорий этишни ҳам таклиф қилган. 2022 йил март ойи бошида Рубио бошқа республикачи сенатор Чак Грассли билан биргаликда Россиянинг барча давлат корхоналарига қарши кенг қамровли санкциялар жорий қилиш тўғрисидаги чақириқ билан ҳам чиққанди. Аммо бугунги кунда АҚШнинг навбатдаги президенти аниқ бўлгач, Рубио ҳам қарашларини Трамп ва унинг жамоасига мослаштирган ҳолда, Украинадаги уруш “боши берк кўчага кириб қолгани” ва унга барҳам бериш кераклигини айтишга ҳам улгурди. Шундай қилиб, 53 ёшли сенатор айни дамда Трамп кўз ўнгида Қўшма Штатларнинг навбатдаги бош дипломати бўлиб кўринмоқда. Шунингдек, Байден маъмуриятидаги Давлат департаменти раҳбарияти аллақачон ўз жойини бўшатишга тайёргарликни бошлаб юборган. Айтишларича, амалдаги давлат котиби Энтони Блинкен республикачилар томонидан тайинланиши кутилаётган янги раҳбар ва жамоага ўз ишларини топширишни ташкиллаштириш учун масъул шахсларни тайинлаб бўлган.
Оқ уйга илк бор аёл киши кўз-қулоқ бўлади
АҚШ сайловларида ғолиб бўлган президент Дональд Трамп инаугурациядан сўнг Оқ уйга қайтганида сайлов компанияси менежери Сьюзан Уайлс янги маъмуриятнинг штаб бошлиғи бўлишини маълум қилди. У Сьюзан Уайлс Америка тарихидаги энг катта сиёсий ғалабалардан бирига эришишга ёрдам бергани ва 2016, 2020 йилги муваффақиятли компанияларининг ажралмас қисми бўлиб хизмат қилганини ҳам қўшимча қилди. Қайд этиш жоизки, Сьюзан мамлакат тарихида президент маъмуриятига раҳбарлик қилган илк аёл бўлади. Трампнинг барча сайлов компанияларига бошчилик қилган Сьюзан аппарат раҳбари лавозимини эгаллашдан олдин аллақачон Трампга ўз шартларини маълум қилиб бўлган. Унинг энг асосий шарти президент билан Овал кабинетда кимлар алоқа қила олиши устидан кучлироқ назорат ўрнатишдир. Чунки Сьюзан хоним 2016-2020 йилларда Трамп ўзининг илк президентлик мандатини ўтказганда айни шу масалада жиддий муаммоларга дуч келган. Трампнинг биринчи муддатида унинг аппарат раҳбарлари Оқ уйга норасмий маслаҳатчилар, оила аъзолари, дўстлар ва бошқа бегона шахсларнинг президент билан учрашиш учун киришига доимий тарзда тўсқинлик қилишга уринган.
Сьюзан Уайлс шахсиятига тўхталадиган бўлсак, унинг тажрибали сиёсий технолог эканлиги ҳақидаги маълумотларга дуч келамиз. Сюзи ўзининг сиёсий фаолиятини 1970 йилларда конгрессмен ёрдамчиси сифатида бошлаган. Кейинчалик Рональд Рейган ва бошқа америкалик сиёсатчиларнинг сайлов кампанияларини режалаштириш ва ташкил этишда иштирок этган. Трамп билан эса 2016 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. У адвокатларга Трампнинг жиноий ва фуқаролик ишларини ҳал қилишда ҳам ёрдам берган. Сайлов кечаси, овоз бериш натижалари маълум бўлгач, Трамп ғалаба нутқи давомида қилган иши учун Уайлсга миннатдорлик билдирди. У томошабинларга бир неча сўз айтишни таклиф қилди, аммо Сьюзан нутқдан бош тортди ва президент билан қўл сиқишиб қўйишнигина афзал кўрди.
Дунёнинг энг бой одами Трамп билан бирга
Сайловолди кампаниясида Трампни фаол қўллаб-қувватлаган миллиардер Илон Маск сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг ўзининг Овал кабинетдаги фотоколлажини эълон қилди. Бу эса у келгусида АҚШ сиёсатида муҳим роль ўйнашига шама қилганидан далолат эди. Жорий йил ёз фаслида сайлов компаниясининг авж палласида Трамп Илон Маск билан ўзига хос иттифоқ тузди. Маск ҳатто Трампнинг сайловчилар қаршисида қилган сўнгги митингларида ҳам иштирок этиб, уни яхшигина қўллаб-қувватлади. Трамп Маскка қандайдир лавозим беришини эса бундан анча илгари маълум қилганди. Хусусан, 20 август куни Дональд Трамп агар Илон Маск қарши бўлмаса, унга ўз маъмуриятида лавозим таклиф қилишга тайёрлигини айтганди. Х ижтимоий тармоғи эгаси бунга жавобан ўз саҳифасида “хизмат кўрсатишга тайёр” эканлигини ёзганди. Шунингдек, Маск Трампнинг сайлов компанияси учун умумий ҳисобда 130 миллион доллар маблағ ажратди. АҚШнинг 47-президенти жамоасига кимлар кириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатаётган “The Hill” нашри айни дамда Маскнинг Трамп маъмуриятида қайси позициясидан ўрин олиши ҳали номаълум эканлиги ҳақида ёзди. Аммо қай даражада ва қайси соҳада бўлмасин Маскнинг бирон-бир мансаб постига тайинланиш эҳтимоли жуда юқори. Бир қатор нашрлар у иммиграция, электромобиллар ва ҳукумат томонидан тартибга солиш каби масалаларда маслаҳатчи бўлишини тахмин қилмоқда. Шу вазифалар орасида иммиграция масаласи айнан Маскка топширилиши бир қадар ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин. Ноқонуний мигрантларга қарши тарихдаги энг йирик депортация жараёнини бошлаши кутилаётган Трамп бу масала ҳақида дунёнинг энг бой одами ҳисобланмиш Илон Маскнинг сўзларини эшитишга эҳтиёжи бор бўлса ажабмас. Сабаби айни дамда АҚШда 11 миллиондан 13 миллионгача ноқонуний мигрантлар мавжуд бўлса, ҳар бир шахснинг депортация харажатлари ўртача 10-15 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Бу эса бир неча юз миллиард доллар деганидир. Айни дамда Маск ўз компанияларидаги малакали ходимларни ҳукуматга жалб қилиш ишларини ҳам бошлаб юборгани ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, “The New York Times” нашрининг хабар беришича, Маск аллақачон SpaceX ходимларини давлат ишларига тавсия қилган.