“Мигрантлар оиласи билан келмасин”. Россияда янги тақиқ кучга кириши мумкин
Жамият
−
16 Сентябрь 2023
14360Россияга ишлаш учун бораётган шахсларга оиласи, хотини, болалари ёки ота-онасини олиб бориш таъқиқланиши мумкин. Бу ҳақда Россия Давлат Думаси депутати Михаил Матвеевга таяниб, “News.ru” хабар берди.
Михаил Матвеевнинг билдиришича, мамлакатга пул топиш учун келган оилалардан фақат биттаси ишламоқда, қолганлари эса ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож.
“Россияга ишлаш учун келган ва патент олган шахслар оиласи, хотини, болалари, ота-онасини олиб келиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак. Улардан бир нафари ишлайди, қолгани ишламайди. Мигрантлар Россиянинг ижтимоий таъминотига - бепул мактаб, болалар боғчаси, тиббий ёрдамга муҳтож. Буни визасиз режимни сақлаб турган ҳолда амалга ошириб бўлмайди. Шу боис ҳам биз виза режимини жорий қилишимиз керак”, деган Матвеев.
Депутатга кўра, агарда бунга вақтида чора кўрилмаса, россиялик солиқ тўловчиларда норозилик кайфияти ошиши мумкин. Яъни улар ўзлари тўлаган солиқлари эвазига кам таъминланган муҳожирлар яшашини истамайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Давлат думаси депутати Евгений Фёдоров Россия собиқ совет республикаларининг барчаси билан уришишга мажбур бўлишини иддао қилган эди. Фёдоров агар республикалар дипломатик йўл билан Россияга қайтарилса, ҳарбий можароларнинг олди олиниши мумкинлигини айтган.
LiveБарчаси