АҚШ Сурияга “оға” бўлмоқчи – Midweek

Таҳлил

Аш-Шара Оқ уйда “Иброҳим келишувлари”га қўшилмай туриб ҳам Трампдан катта қўллов билан қайтди. Хоқон Фидан эса Туркия номидан Сурия делегациясига бу сафарда кўмак берди.

Икки кун ичида ҳам Деҳлида, ҳам Исломободда портлашлар содир бўлди. Ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди. Икки ўзаро душман мамлакат пойтахтларидаги бу ҳодиса ўзига яраша сирли кўринишга эга. 

Имомўғлига 2,5 минг йилга яқин муддат сўралди. Йил бошида Туркиянинг кейинги президенти бўлишга даъвогар бўлиб турган Истанбулнинг собиқ мэри энди очиққа чиқиши ҳам муаммо.

“Толибон” аёллар илк бор енгиллик яратгани ҳақида хабар қилинди. 

Ҳафта ўртасига қадар дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишинг.

Трамп аш-Шарага “оқ фотиҳа” берди

Вашингтон ва Дамашқ муносабатларида кутилмаган бурилиш юз берди. Бир пайтлар душман деб қаралган Сурия раҳбари энди Америка пойтахтида олий мартабада кутиб олинди. 2025 йил 10 ноябрь куни Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан Оқ уйда учрашди. Бу Сурия давлат раҳбари сифатида бир шахснинг Вашингтонга илк расмий ташрифидир. Шу тариқа, Аҳмад аш-Шара Сурия 1946 йилда мустақилликка эришганидан бери АҚШ Президенти томонидан Оқ уйда қабул қилинган биринчи давлат раҳбари бўлди. Асадни қулатган Аҳмад аш-Шарадан “террорчи” деган тамға олиб ташланди. Шундай бўласада, Аш-Шара ва Трампнинг учрашувида Сурия раҳбарига қолган давлат етакчиларига кўрсатиладиган даража тақдим қилинмади. Трамп у билан асосан журналистларга интервью берадиган, муҳим қарорларни эълон қиладиган столида гаплашди. Аш-Шара шу куни журналистлар жой оладиган нуқтада эди. Аш-Шаранинг Овал кабинетдаги учрашуви матбуот учун ёпиқ тарзда ўтказилди. Сурия президенти Оқ уйга, одатда хорижий етакчилар фойдаланадиган асосий кириш йўлагидан эмас, ён эшикдан кирди.

Аммо келишувлар анча жиддий. Хусусан, Сурия муваққат ҳукумати ахборот вазири Ҳамза Мустафо Дамашқ АҚШ бошчилигидаги ИШИД террорчи гуруҳига қарши халқаро коалицияга қўшилганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу билан Сурия терроризмга қарши курашда ҳамкор сифатидаги ролини мустаҳкамлаган ва минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлаган. Аммо мазкур келишув фақат сиёсий характерга эгалиги, унда ҳарбий жиҳат мавжуд эмаслиги ҳам қўшимча қилинди.

Аслида Трампнинг Аҳмад аш-Шара билан муносабати ёмон эмас. У Суриянинг янги еткачисини “кучли лидер” деб атайди. Трампнинг фикрича, аш-Шара Сурияни “жуда муваффақиятли” давлатга айлантира олади. АҚШ Давлат департаменти эса Сурияни санкциялардан озод қилиш муддатини яна 180 кунга узайтирди. Қолаверса, Трамп аш-Шарани аввалдан ёқтиргани ва қўллаб-қувватлаганини билдирди. 

Аҳмад аш-Шара Трамп билан музокаралар чоғида жорий йилнинг 10 март куни имзоланган, курд жангчиларини республика Қуролли кучлари таркибига қўшишни назарда тутувчи келишувни амалга оширишни давом эттиришга келишиб олди. Бу фонда АҚШ Президенти Сурияга мамлакатни тиклаш ва кейинги босқичдаги ривожланиш жараёнида керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Шу пайтда қизиқ воқеага ҳам кўзимиз тушади. Сурия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, музокаралардан кейин Трамп кўрсатмасига биноан Суриянинг ташқи ишлар вазири Асад Шибоний ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан билан учрашиб, эришилган келишувларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилган. Яъни Фидан Туркия номидан Аҳмад аш-Шарага Оқ уйда ҳам кўмак бермоқда. Бу Туркия ва Сурия нафақат Дамашқнинг ички сиёсатини, балки ташқи сиёсатини ҳам мувофиқлаштириш йўлидан кетаётганини билдиради.

Сурия ва АҚШ жуда кўп масалаларда келиша олишига энди шубҳа қолмади. Трамп буни истаса аш-Шаранинг ўзи билан ёки Эрдўған орқали ҳам амалга ошираверади. Аҳмад аш-Шарада ҳам ҳудди шундай вазият. Хуллас, айни пайтда Дамашқ ва Вашингтон орасида жиддий муаммо мавжуд эмас. Масалан, бугунги расмий Дамашқ Оқ уйдаги учрашувдан кейин ИШИДга қарши АҚШ билан бирга курашиши ва бу йўлда АҚШнинг Сурия ҳудудидаги қўшинларига қаршилиги йўқлигини маълум қилди. Аш-Шара АҚШнинг Суриядаги ҳарбий контингенти энди мамлакат ҳукумати билан мувофиқлаштирилган ҳолда ҳал этилишини билдирди.

Аммо Трамп бугунги Сурияни АҚШ билан қанчалик яхши боғламасин, Аҳмад аш-Шара ҳали бери “Иброҳим келишувлари”га кириб, Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги арзандаси Исроилни давлат сифатида тан олишдан йироқ. У Трамп билан учрашувдан сўнг “Fox News”га берган интервьюсида ҳозирча Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича бевосита музокараларга киришишни рад қилди.

У бунга сабаб сифатида Исроил Жўлон тепаликларини босиб олганини келтирди. Суриянинг амалдаги президентига кўра, расмий Дамашқнинг айни пайтдаги ҳолати “Иброҳим келишувлари”ни тан олган бошқа араб давлатлариникидан тубдан фарқ қилади. Шу тариқа, Трампнинг Сурия ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган ҳаракатларида ҳозирча силжиш кузатилгани йўқ. Лекин АҚШ ва Суриянинг ўзаро муносабатларини энди бир сўз билан нормал деб атасак бўлади. Аҳмад аш-Шара ҳозирча Исроилни тан олмай туриб ҳам АҚШнинг қўлловига эришишда давом этяпти. Бу йўлда эса, албатта, Эрдўған бошчилигидаги турк расмий доиралари, хусусан, Аҳмад аш-Шарани Оқ уйгача кузатиб борган Хоқон Фидан ва бошқаларнинг хизмати ҳам аҳамиятли. Сурия Туркия орқали АҚШга, АҚШ орқали эса дунёга қайта очилмоқда.

Деҳли ва Исломободда сирли портлашлар

10 ноябрь куни Ҳиндистон пойтахти Деҳлида жойлашган Ред Форт метроси яқинида автомобиль портлаши оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди, яна 24 киши жароҳат олди. Портлаш ортидан ёнғин юзага келиб, яқин атрофда турган бир нечта машиналар зарарланган. Шу пайтда ҳодисанинг сабаби номаълум бўлгани боис, портлашдан сўнг Деҳлида фавқулодда тайёргарлик режими эълон қилинган.

Маълумотларга кўра, портлаш метронинг 1-сонли кириш қисми яқинида содир бўлган. Полиция ҳодиса бўйича суриштирувни давом эттирмоқда. Портлашдан сўнг пойтахтга туташ Уттар-Прадеш штатида ҳам қизил даражадаги хавф режими эълон қилинган. Генерал-губернатор Амитабҳ Яшнинг маълум қилишича, Бош прокуратура барча юқори лавозимли мансабдорларга муҳим диний объектлар, нотинч ҳудудлар ва чегара туманларида хавфсизлик чораларини кучайтиришни буюрган. Полиция штатнинг барча туманларида юқори шай ҳолатга келтирилган.

Ҳиндистондаги мазкур воқеадан 1 кун ўтиб, унинг қўшниси – асосий душмани Покистонда ҳам портлаш юз берди. У ерда ҳам айнан автомобиль портлади. 11 ноябрь куни Покистон пойтахти Исломободда портлаган ёки портлатилган автомобиль 12 кишининг ҳалок бўлиши ва яна ўнлаб одамларларни жароҳат олишига сабаб бўлди. Жабрланганларнинг аксарияти адвокатлар ва суд ходимлари. Полиция бу ҳодиса ўзини портлатган террорчи томонидан содир этилган бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда. Покистон расмийлари ҳам уларнинг воқеа борасидаги ушбу дастлабки хулосаларини тасдиқлаган. Қайд этиш жоиз, ушбу портлаш Исломободдаги суд биноси яқинида тўхтаб турган автомобилда юз берган. Портлаш шу қадар кучли бўлганки, у 6 километр узоқликдан эшитилган. Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ҳам буни террорчилик ҳужуми деб атади ва уни кескин қоралаб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Имомўғлига салкам 2,5 минг йил сўралди

Истанбул Бош прокуратураси шаҳарнинг собиқ мэри Экрем Имомўғлига қарши айблов хулосасини эълон қилди ва сиёсатчига коррупция айбловлари бўйича салкам 2,5 минг йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси сўралди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, иш доирасида 402 киши тилга олинган, шундан 105 нафари ҳибсга олинган. Прокуратура хулосаси 3900 саҳифадан иборат бўлиб, унда жиноий ташкилот тузиш, пора олиш ва фирибгарлик каби айбловлар мавжуд. Имомўғли “ташкилот асосчиси ва раҳбари” сифатида кўрсатилган, унга жами 142 та жиноят моддаси қўйилган. Прокуратура зарар миқдорини 160 миллиард турк лираси, долларга чақганда эса тахминан 3,7 миллиард доллар деб баҳолаган.

Айбловга кўра, Имомўғли учун 2352 йилгача қамоқ жазоси талаб қилинган.
Юздан ортиқ модда билан айбланаётган Истанбулнинг собиқ мэри 8 ойдирки қамоқда. Унинг келажаги энди мутлақо сўроқ остида. Деярли ҳар ойда янги айб устига яна айб юкланиши Имомўғли билан боғлиқ кейсда янгилик бўлмай қолди. Яқинда у коррупция билан боғлиқ айбловда оқланганганига қарамай, унга янги айблов – сиёсий жосуслик айби қўйилди. Бу янги иш доирасида Имомўғли билан бирга “Tele1” телеканали бош муҳаррири Мердан Янардаг ҳамда Имомўғлининг маслаҳатчиси ва сайлов кампанияси раҳбари Нежати Ўзкан ҳам жосусликда айбланиб ҳибсга олинган. Прокуратура маълумотига кўра, уларга фуқароларнинг шахсий маълумотларини хорижий давлатларнинг разведка ходимларига етказиш айблови қўйилган.

Хабарингиз бор, Экрем Имомўғли 2025 йилнинг 19 март куни ҳибсга олинганди. У дастлаб, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жиноий ташкилот тузиш ва Курдистон ишчилар партиясига ёрдам беришда айбланган. Имомўғли 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий рақиби сифатида кўриларди. Шу боис, Истанбул собиқ мэрининг банди қилиниши сиёсий мотивдан бошқа ҳеч нарса эмас деган қарашлар кенг тарқалди. Бундан ташқари, Имомўғлининг ҳибсга олиниши ЖХПдан кейинги президентлик сайловида қатнашиши учун номзод сифатида кўрсатилишига бир неча кун қолган вақтга тўғри келгани ҳам шубҳаларни кучайтирди. Шунингдек, у бир нечта айбловлар билан қўлга олинишидан сал аввал Эрдўғанга қарши очиқдан очиқ курашга киришиб, омма олдида ундан ҳокимиятни тарк этишни сўраган. Умуман олганда, Имомўғлининг 2027 йилги Туркия президентлик сайловида қатнашишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари у ҳибсга олинишидан бироз олдинроқ бошланганди.  Дастлаб, жорий йил бошида Истанбул университети Бош прокуратура сўрови асосида Имомўғлининг дипломини бекор қилиб, буни унинг ўқишни кўчириши тартиб-қоидаларни бузган ҳолда амалга оширилгани билан изоҳлаган. Имомўғлининг дипломдан маҳрум бўлиши эса амалда уни президентлик сайловида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этганди. Чунки Туркия қонунларига кўра, президентликка фақат олий маълумотли шахслар номзодини қўя олади.

Шу тариқа у мазкур воқеалар фонида 1 ярим йилдан ортиқ муддатга қамалди. Аммо унга берилган бу жазо, март ойида қўйилган асосий айбловлар билан эмас, аксинча жорий йил 20 январдаги чиқишлари билан боғлиқ. Ўшанда Имомўғли Истанбул бош прокурорини сиёсий мақсадларда текширувлар олиб боришда айблаганди. Қолган асосий айбловлар бўйича ишлар ҳали ҳам давом этяпти. Ҳозиргача бўлган энг сўнгги воқеа, бу ўша прократуранинг унга нисбатан салкам 2,5 минг йил қамоқ жазоси сўрагани бўлиб турибди. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтиш жоиз, Имомўғлига ҳозиргача берилган ўша ягона 1 йил-у 8 ойлик қамоқ жазоси, уни сиёсий фаолиятидан чеклашни назарда тутмаган, аммо ҳукм охиригача ўз кучида қолса, бу Экремни кейинги президентлик сайловида қатнашиш имконидан маҳрум қилади. Чунки у пайтда Имомғли, ҳисоб-китобларга кўра, қамоқда бўлади. Шунинг учун, прокуратура унга қарши сўраган 2 минг йилдан ортиқ қамоқ жазоси ва бошқа юзлаб айбловларсиз ҳам Эрдўған учун кейинги сайлов Имомўғли каби бош оғриқларсиз ўтиши деярли нақд қилиб бўлинган.

“Толибон”дан аёлларга илк “туҳфа”

“Толибон” ҳокимиятни қўлган киритганидан буён мамлакат миқёсида ягона мақтана оладиган иши бу наркотик моддалар савдосини кескин қисқартиргани бўлди. Инсон ҳуқуқлари, аёлларга мисли кўрилмаган чекловлар ва бошқа ислом мамлакатларида ҳам кузатилмайдиган ғалати қарорлар билан толиблар дунё ҳамжамиятининг ишончидан чиқиб бормоқда. 2021 йилнинг август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, “Толибон” ўзининг 1996 йилдан 2001 йилгача бўлган эски ва ўта қаттиқ версиясидан тубдан фарқ қилиши ваъда қилинганди, аммо улар ўша тафаккурдаги ақлбовар қилмас чекловлар ва аёлларга қўйиб ташланган мисилсиз тўсиқлар билан ўзининг иккинчи даврини бошлади. Қисқа вақт ичида қизларнинг мактабга боришини тақиқлади ва давлат хизматида ишлайдиган аёлларга чекловлар киритди. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Унинг ўрнига “Толибон” исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигини ташкил этди. “Толибон” сиёсати дунё ОАВда “нафас олишдан бошқа ҳамма нарсага тақиқ” номи остидаги мақолалар пайдо бўлишига асос бўлди. 

Аммо айни дамда Ўзбекистоннинг жанубий қўшиниси томонда хушхабарлар чиқа бошлади. Бу Афғонистонда “Аёллар овози” номли радиостанция очилгани ҳақидаги хабарлардир. “Tolonews” нашрига кўра, бу радиостанцияда фақат аёллар ишлайди ва эшиттирувлар фақат аёл аудиторияга мўлжалланган. Канал Ҳирот шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган ва унда аёллар муаммолари ҳамда манфаатларига бағишланган контент яратувчи ва эфирга узатувчи ўндан ортиқ аёл журналист фаолият юритади. Мазкур лойиҳа таъсисчиларига кўра, радиостанция энди аёллар овозини расмийлар ва бутун дунёга етказиш имконини беради. Радиостанция директори Шабнам Каримий лойиҳа Афғонистоннинг ғарбий минтақасида аёлларга қаратилган ягона оммавий ахборот воситасига айланганини маълум қилган.

Лавров хатосини тўғирлайдими?

Путин ва Трамп ўрстасидаги учрашувни барбод қилгани айтилган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Вашингтон билан икки давлат раҳбарларининг келажакдаги учрашуви учун тайёргарликни қайта бошлаш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди. Маҳаллий ОАВларга берган интервьюсида  Лавров Будапешт учрашув ўтказиш учун Россияга энг мақбул жой эканини яна бир такрорлади. Лекин у бунинг шарти сифатида АҚШдан янги таклифлар кутилаётганини таъкидлади. Унга кўра, агар америкалик ҳамкорлар ўз таклифларини янгилаб, саммитни тайёрлашга киришса, Россия Будапештни энг қулай вариант сифатида кўриб чиқади. Лавров, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашувида Будапештни афзал кўрганини қўшимча қилди. 

У АҚШнинг Россия билан учрашувни бекор қилгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Лавровнинг айтишича, бу қарор Россия томонидан юборилган “Украина бўйича меморандум” билан ҳам боғлиқ эмас. Яъни ўша кўпчилик томонидан урғуланган ультиматумдан қолишмайдиган Россия талаблари ҳақидаги тахминларни Лавров рад этди. Бу билан у ўзининг айби дея айтилаётган Рубио билан суҳбат ва унда тақдим қилинган қаттиқ талаблар туфайли учрашув бекор қилинди, деган хабарларни ҳақиқатдан йироқ деб ҳисобламоқда. Вазирнинг тушунтиришича, “нон-папер” шаклидаги бу ҳужжат (мажбурий кучга эга бўлмаган ишчи таклиф) Путин ва Трампнинг 16 октябрь куни бўлиб ўтган телефон суҳбатидан бир неча кун аввал АҚШ томонига юборилган. Унга кўра, меморандумда Анкориждаги аввалги музокараларда эришилган ўзаро тушунишлар эслатиб ўтилган, ҳеч қандай провокацион мазмун бўлмаган.
Лавровнинг сўзларига кўра, суҳбатдан уч кун ўтиб, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан телефон орқали мулоқот бўлган. Унинг айтишича, кейинги босқичда иккала мамлакатнинг ташқи сиёсат, мудофаа ва махсус хизмат вакиллари учрашуви режалаштирилган, аммо бу ташаббус АҚШ томонидан давом эттирилмаган.

“Биз америкаликлардан аниқ жой ва вақт бўйича ташаббус кутгандик, чунки саммитни ўтказиш таклифи улардан чиққан эди. Бироқ бунинг ўрнига улар “учрашувнинг фойдаси йўқ” деган баёнот билан чиқди”, дея қўшимча қилган Россия ТИВ раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ Россия Сурия Ҳиндистон Покистон Толибон Сергей Лавров Экрем Имомўғли Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг