Метрода қизга шилқимлик қилган йигит қамалди
3-саҳифа
−
17 Май 2023
10401Тошкент шаҳрида метро вагони ичида ёш қизга шаҳвоний шилқимлик қилган 24 ёшли йигит 5 суткага қамалди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова маълум қилди.
Аниқланишича, воқеа жорий йилнинг 10 май куни соат 15:20 ларда Чилонзор туманида жойлашган метрополитеннинг “Чилонзор” метро йўналишидаги электропоезд вагони ичида содир бўлган. Вагонда 1999 йилда туғилган йигит ўзига нотаниш бўлган вояга етмаган қизнинг белидан паст қисмини ушлаб, шилқимлик қилган.
12 май куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида ҳуқуқбузар (муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган)га оид маъмурий иш кўриб чиқилган. Суд мажлисида йигит ўзининг юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатдаги айбига иқрор бўлган. У қилмишидан пушаймонлигини, бундан кейин бу каби ҳаракатларни содир этмаслигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили ҳақиқатдан электропоезд вагони ичида ўзига нотаниш бўлган шахс унинг бел қисми ва танасининг бошқа қисмларини қўли билан ушлаганлигини билдириб, суддан унга оғирроқ жазо тайинлашни сўраган.
Суднинг қарорига кўра, ҳуқуқбузар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилди ва унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгиланиши бўйича Қонунни имзолади. Унга кўра, бундай хатти-ҳаракатлар 1,5 млн сўм жаримага ёки 5 сутка қамоқ жазоси тайинланишига сабаб бўлиши мумкин.
LiveБарчаси