Тошкентда иситиш мавсуми қачондан бошланиши эълон қилинди
Жамият
−
20:50 883 2 дақиқа
Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида 2026-2027 йилги иситиш мавсуми бошланиши муносабати билан иссиқлик таъминоти босқичма-босқич йўлга қўйилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 9 ноябрдан бошлаб ижтимоий соҳа объектларида – мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа муассасаларда иситиш тизими ишга туширилади. Ушбу санадан кўп квартирали турар жой биноларига ҳам иссиқлик бериш бошланади. Иссиқлик таъминотини улаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади.
Билдирилишича, иситиш учун тўлов иссиқлик таъминоти амалда уланган кундан бошлаб ҳисобланади. Уланиш санаси бошқарув компанияси томонидан имзоланган икки томонлама далолатномада қайд этилади.
“Агар хонадонингизда иссиқлик бир маромда тақсимланмаса, уйингизга хизмат кўрсатувчи бошқарув компаниясига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Чунки бино ичидаги иссиқлик тақсимоти ва ички тизимларнинг соз ҳолатда ишлаши бошқарув ташкилотининг масъулиятига киради”, дейилади хабарда.
Агар иссиқлик тармоқларида авария ҳолатлари юзага келса, Veolia Energy Tashkent компаниясининг қуйидаги алоқа каналлари орқали мурожаат қилиш мумкин:
- Call-марказ: 1347 ёки (71) 200-00-56;
- Telegram-бот: @vet_pokazaniya_bot.
Телеграм-бот орқали мурожаатлар ҳафтанинг барча кунлари, 24 соат давомида (24/7) қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар жорий йил 15 ноябргача марказлашган иситиш тизимига уланиши кутилаётганини маълум қилган эди.