Мессидан дастхат олган фаррош ишдан ҳайдалди
Спорт
−
05 Август 2023
15437АҚШнинг “Интер Майами” стадионида ишлайдиган фаррош Лионель Мессидан дастхат олгани учун ишдан ҳайдалди. Бу ҳақда “Goal” хабар берди.
Маълум қилинишича, бир ярим йилдан буён Майамида яшаб, “Интер Майами” стадионида фаррош сифатида ишлаб келаётган колумбиялик Кристиан Саламанка клуб ҳужумчиси ва сардорига айланган Лионель Мессидан дастхат олгани учун ишдан бўшатилган.
“Автобус тўхтайдиган жойларни тозалаётган эдим. Омадим келиб, айнан ишлаётган вақтимда автобус кириб келди ва ундан футболчилар туша бошлади. Лео энг охирги бўлиб тушди. Мен у томонга бордим ва хизмат кийимимни ечдим, унинг остида эса Аргентина либоси бор эди. Месси кийимимга дастхат қўйиб берди. Шундан сўнг, қўриқчи мени олиб кетди ҳамда ишдан ҳайдалганимни айтди. Лекин бу шунга арзийди”, дейди Кристиан.
“Интер Майами” ички қоидаларига кўра, стадион хизматчилари иш вақтида юлдузлар билан суратга тушиши ва улардан дастхат олиши қатъиян тақиқланади.
Маълумот учун, Лионель Месси “Интер Майами”га ўтганидан сўнг 3 та ўйинда иштирок этиб, 5 та голга муаллифлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентиналик футболчи Лионель Месси янги клуби “Интер Майами” сафида кетма-кет икки ўйинда дубл қайд этиб, клуб тарихига киргани ҳақида хабар берилган эди. У “Орландо” ва “Атланта”га қарши ўйинларда иккитадан гол урган.