Месси Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши ассистентга айланди
Спорт
−
08 июл 1914 1 дақиқа
Аргентина миллий терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп голли узатма берган футболчига айланди. У бу борада 1986 йилги жаҳон чемпиони Диего Марадонани ортда қолдирди.
Месси ушбу натижага Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичида Мисрга қарши ўйинда эришди. У Кристиан Ромеронинг голига ассист муаллифи бўлиб, мундиаллардаги голли узатмаларининг сонини 9 тага етказди. Жаҳон чемпионатларида ассистлар статистикаси 1966 йилдан бери юритиб келинади.
Атлантада бўлиб ўтган Аргентина – Миср баҳси эса ҳақиқий драматик сценарий асосида кечди. Миср терма жамоаси Яссер Иброҳимнинг 15-дақиқадаги ва Мустафо Зиконинг 67-дақиқадаги голлари эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди.
Бироқ учрашувнинг ҳал қилувчи дақиқалари амалдаги жаҳон чемпионлари фойдасига кечди. 79-дақиқада Кристиан Ромеро Лионель Мессининг узатмасидан кейин ҳисобни қисқартирди. Орадан тўрт дақиқа ўтиб, Мессининг ўзи ҳисобни тенглаштирди ва турнирдаги саккизинчи голини уриб, тўпурарлар пойгасидаги пешқадамлигини мустаҳкамлади. Эътиборлиси, у биринчи бўлимда пенальтини аниқ амалга ошира олмаган эди.
Қўшимча вақтнинг иккинчи дақиқасида Лаутаро Мартинеснинг узатмасини голга айлантирган Энцо Фернандес Аргентинага иродали ғалабани тақдим этди – 3:2.
Маълумот учун, Аргентина терма жамоаси чорак финалда Швейцарияга қарши баҳс олиб боради. Ушбу учрашув жорий йилнинг 12 июль куни бўлиб ўтади.
Live
Барчаси22 август
Чиноздаги “дом”лардан бирида ёнғин чиқди
22 август