Месси “Интер Майами”ни тарк этиши мумкин
Спорт
−
06 Ноябрь 3764 2 дақиқа
Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси MLS’даги танаффус вақтида “Интер Майами”ни вақтинча тарк этиши мумкин. Туркиянинг “Галатасарай” клуби 38 ёшли футболчини тўрт ойлик ижара шартномаси асосида ўз сафига қўшиб олишга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда “Fotomaç” нашри хабар берди.
Манбага кўра, “Галатасарай” Мессининг маошини тўлиқ тўлашга тайёр, шунингдек, аргентиналик футболчи учун тўрт ойлик ижара шартномаси таклиф қилмоқчи. Бу давр ичида Месси MLS’даги янги мавсум бошлангунига қадар Европада ўйин амалиётини сақлаб қолиши мумкин.
Мессининг “Галатасарой”га ўтиши эҳтимоли ҳозирча паст деб баҳоланмоқда, чунки 2026 йилги Жаҳон чемпионати (АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида) яқинлашиб келмоқда, ва футболчи ўзини жароҳатдан ҳимоя қилишни афзал кўриши мумкин.
Месси жорий йилнинг октябрь ойида “Интер Майами” билан шартномасини 2028-йилги мавсум охиригача узайтирган эди. Шунга қарамай, Месси декабрдан февралгача давом этадиган MLS танаффуси даврида бошқа жамоада ўйнаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун, “Галатасарай” жамоаси айни пайтда Туркия Суперлигасида 11 ўйинда 9 ғалаба ва 2 дуранг билан пешқадамлик қилмоқда. Клуб ёзда Лерой Сане, Виктор Осимҳен ва “Манчестер Сити” собиқ футболчиси Илкай Гюндоганни ҳам ўз сафига қўшиб олган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони ҳукумати Лионель Мессини MLS мавсум танаффусида Саудия Про-лигасида қисқа муддатли шартнома асосида ўйнаш ҳақидаги таклифни рад этгани ҳақида хабар берилган эди.