Меркель Путиннинг таҳдидини жиддий қабул қилишга чақирди
Олам
−
28 Сентябрь 2022
17126Германия собиқ канцлери Ангела Меркель Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларини жиддий қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайди. У собиқ федерал канцлер Гелмут Кол фонди очилишида шундай фикр билдирди.
“Биз унинг сўзларини жиддий қабул қилишимиз керак. Сўзларга жиддий муносабатда бўлиш, уларни бошидан шунчаки блеф деб ҳисобламаслик, балки жиддий қабул қилиш ҳеч қандай заифлик ёки тинчланиш белгиси эмас, балки сиёсий доноликнинг белгисидир – маневр учун имконият берадиган донолик”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган DPA.
21 сентябрь куни Путин сафарбарлик бошланиши муносабати билан халққа қилган мурожаатида Россия ҳукумати ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун “ихтиёрида бўлган барча воситаларни” ишга солишга тайёрлигини, “бу блеф эмас”лигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
Ҳукумат порталида 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган катта офицерлар биринчи навбатда сафарбар қилиниши айтилган. Сафарбарлик ортидан россияликлар оммавий равишда ватанини ташлаб, хорижий давлатларга чиқиб кетишни бошлади.
Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини армияга олиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.