Меркель Германиянинг ўзидан кейинги ҳукуматидан нима кутаётганини айтди
Олам
−
16 Октябрь 2021
4639Германия канцлери Ангела Меркель мамлакатнинг янги ҳукумати “европапараст” бўлишига ишонч билдирди.
“Ишонч билан айта оламанки, бу Европанинг тинчлик ва озодлик учун қандай аҳамиятга эга эканлигини билувчи европапараст ҳукумат бўлади”, деган Меркель Бельгия Бош вазири Александр де Кроо билан қўшма матбуот анжуманида.
Меркелнинг таъкидлашича, бу Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатлар учун муҳим хабар.
Меркелга кўра, у янги ҳукумат кўп жиҳатдан ҳозирги ҳукумат бошлаган ишни давом эттиришини кутади, лекин “янги акцентлар” ҳам бўлади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Германияда мамлакат парламенти – Бундестагга сайловлар бўлиб ўтди. Амалдаги канцлер, ХДС собиқ раҳбари Ангела Меркель сайловларда иштирок этмади. У ҳукмрон коалиция тузилиб, янги канцлер тайинлангандан кейин ўз лавозимини тарк этади. Бу жараён эса 1 ойдан ярим йилгача вақт талаб қилиши мумкин.
Аввалроқ, германиялик ҳайкалтарош Вильгельм Кох мамлакат канцлери Ангела Меркелнинг отлиқ ҳайкалини намойиш қилгани ҳақида хабар бергандик.