“Менинг кимлигимни - эл билса бўлди...” – Сайёра Хўжаева рус тили тўғрисидаги мурожаатномада исми келтирилганига изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалиб, барчанинг мунозара ва муҳокама мавзусига айланган Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш масаласи бўйича Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева муносабат билдирди. Аниқроғи, унинг бундай таклиф билдирилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб ўтди.

"Қадрли дўстлар!

Алоқам бўлмаган нарсага жавоб ёзишни ўзимга эп кўрмаган эдим. Аммо, емаган сомсага пул тулашни ҳам, хоҳламайман.

Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган тил масаласидаги мурожаатномага оид баҳс-мунозарарларга менинг алоқам йўқлиги тўғрисида, ойдинлик киритишни лозим деб ҳисоблайман. Шунинг учун, бўлган воқеани бошидан батафсилроқ ёзишга қарор қилдим.

Шу йил 2 май менга, журналист-блогер Али Каҳҳоров телефон қилиб, рус тили бўйича мурожаатномага қўл қўйибсиз деб, шу бўйича интервью олмоқчи эканлигини маълум қилди. Мен таажубландим, ҳайрон қолиб, қанақа мурожаатнома, қачон чиққанлигини ва зудлик билан, менга юборишини илтимос қилдим. У буни тасдиқлаши мумкин.

30 апрель куни "Vesti.uz" сайтида чиққан мурожатномани қўриб, мен дарҳол ушбу сайт рахбарини кимлигини ва телефонларини қидиришга тушдим ва А.В.Березовский эканлигини аниқлаб, улардан, мен бу ҳужжатни ёзмаганлигимни, тайёрлашда иштирок этмаганимни ва қўл қўймаганлигим сабабли, мурожаатчилар сафидан, менинг фамилиямни олиб ташлашни талаб қилдим. А.В.Березовский ҳам буни тасдиқлай олади. Шундай қилиб, менинг фамилиям, менинг талабимга кўра олиб ташланди.

Бундан 3 ойча олдин журналист А.М.Ходжаев, рус тилини аҳамияти ҳакида фикр сўраган эди. Тилни билиш инсонни ўзи учун, дунёқарашни кенгайтириш ва ўз ҳуқуқларини қаерга борганда ҳам, ҳимоя қилиш учун, муҳим восита деган фикримни доимо айтиб келганман. Бу гапимдан тонмайман, чунки, бу фикрим фақат рус тилигагина тааллуқли эмас. Мени фикримни бошқача талқин қилиб, ўз мулоҳазаларини билдирган инсон учун, мен жавоб бермайман. 

Шундай қилиб, бу мурожаатномани гуёки, мен ҳам ёзгандек тухматларга қолиб кетдим ва менга фикр билдираётганлар, менинг шаънимга бўлмағур фикрлар баён қилмоқдалар. Менинг шаънимга айтилаётган бўлмағур, нолойиқ мулоҳазаларни билдираётган шахслар, воқеани тузукроқ ва чуққурроқ ўргансалар, ўз обрўларини бунчалик тўкмаган бўлар эдилар.

Тўғри, жуда қўп халқ орасида бўламан, дангалчи, тўғрисўзман, бу эса айниқса айрим мансабдорларга ёқавермайди, лекин мен ислоҳотларга ичим куйганидан, халқимиз ва юртимиз равнақига бефарқ бўлмаганим учун шундай йул тутаман ва аҳволни, қайси лавозимда бўлишимдан қатъий назар, тузатишга ҳаракат қиламан.

Онгли ҳаётим давомида шу халққа ҳизмат қилишни ўзимга фахр деб билдим. Буни мен ишлаган ва раҳбар бўлган жойлардаги халқдан сўранг!

Бошқача қилиб айтганда: “Менинг кимлигимни - эл билса бўлди...”, деб ёзган Сайёра Хўжаева Facebook'даги саҳифасида.
 


Мақола муаллифи

Теглар

рус тили расмий тил Сайёра Хўжаева

Баҳолаганлар

213

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг