“Менга нима деганлар, бу олов сизни ҳам ёқади”. Эрдўған бутун дунёга мурожаат қилди
Олам
−
12 Март 2022
30910Иқтисодиёт ривожланиб, осмонўпар бинолар қад ростлаётган бир пайтда, баъзи одамларнинг обрў-эътибори ҳам ўсмоқда, чўнтаклари қаппайиб, айрим давлатлар кундан кунга бойиб бормоқда. Статистика бизга янада нурли дунё портретини чизаркан, афсуски, шундоққина ёнимизда болалар очликдан ўлиши кузатилмоқда. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 11 март куни “Анталия дипломатик форуми” очилиш маросимидаги нутқида сўз очди.
“Очлик вируси ҳар йили дунёда коронавирус пандемиясиданда кўпроқ одамнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Бугун Ер юзида ҳар 10 сонияда бир бола лоақал бир бўлак нон, бир қултум сув тополмагани учун ўляпти”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Президентга кўра, бугун миллионлаб одамлар беқарорлик ва тўқнашувлар туфайли уйини ва юртини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Ўрта ер денгизида, Саҳрои Кабир чўлида ёки қорли тоғ чўққиларида қурбон бўлганлар, одамларнинг ичидаги умидсизликни ифода этмоқда.
“Фақатгина 2014 йилдан буён Ўрта ер денгизининг мовий сувлари 25 мингга яқин йўловчининг қабри бўлди. Сўнгги 10 йил ичида дунё бўйлаб қочқинлар сони икки баравардан зиёд ортди ва 85 миллионга етди. Бу рақамга 15 кун ичида 2 миллиондан ортиқ украиналик қўшилди. Ўз бошпаналарини ташлаб қочганлар сони келгуси даврда янада ортиши аён бўлиб бормоқда.
Айни пайтда 1 миллиард одам кунига 2 доллардан кам пул топиб, омон қолиш учун курашмоқда. Дарҳақиқат, бу рақамларнинг ҳар бири биз дуч келаётган адолатсизликни кўрсатиш учун кифоя қилади. Бундан ташқари, бу оддий рақам эмас, ҳар бири муносиб, хавфсиз ҳаёт кечиришга лойиқ жондир.
Улар оналар, оталар, опа-сингиллар. Биз болалар ёш ниҳолдек ноумидликдан қурийдиган, 800 миллион киши асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан маҳрум бўлган, ҳар куни юз миллионлаб одамлар оч ухлаётган бир дунёда яшаяпмиз”, дейди Эрдўған.
У бугун дунёда давом этаётган урушларни тинчитмай туриб, янги урушлар муҳокамасига ўтилаётганини танқид қилиб, шундай дейди:
“Янги урушларнинг олдини олишни қўя туринг, 10 йиллардан буён давом этаётган тўқнашувлар ҳал этилмаган бир вақтда ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Бугун қаерда яшамайлик, дунё улкан қишлоққа айланган даврда “Бошқаси билан нима ишим бор?”, деёлмаймиз. Тўхтатилмаган тўқнашувлар, қарши чиқилмаган зулмлар, курашилмаган муаммолар охир-оқибат бизга ҳам таъсир қилиши, бизни ҳам ёқишини билишимиз керак.
Биз бу аламларга Сурияда, Яманда, Афғонистонда, Ливияда, Ироқда, Араканда ва бир қатор муаммоли ҳудудларда такрор ва такрор гувоҳ бўлдик. Бу можаро ҳудудларида тинч аҳоли,уларнинг аксарияти аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Оилавий қадриятлар ва инсоний фазилатларга жиддий путур етди. Халқаро ташкилотларга бўлган ишонч энг тубига тушди. Террорчилик ташкилотлари ва экстремизм бутун дунёда кенг тарқалди”.
Президент Эрдўған, географик ва маданий сабабларга кўра баъзан эътибордан четда қолаётган барча инқироз минтақаларида бепарволик бадалини нафақат масъуллар, балки бутун инсоният тўлаётганини билдирди.
LiveБарчаси