Путин билан самарали музокаралар олиб бордик – Трамп
Олам
−
14 Март
11860Кеча, 13 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп россиялик мавқедоши Владимир Путин билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари “Truth Social” ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Кеча биз Россия Президенти Владимир Путин билан жуда яхши ва самарали музокаралар олиб бордик ва бу даҳшатли, қонли уруш ниҳоят тугаши мумкин бўлган жуда яхши имконият бор – аммо ҳозирги пайтда минглаб Украина қўшинлари Россия ҳарбийлари томонидан тўлиқ қуршовга олинган ва жуда ёмон ҳамда заиф ҳолатда. Мен Президент Путиндан уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни қаттиқ илтимос қилдим. Бу Иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилмаган даҳшатли қирғин бўларди. Барчасини худо қўлласин”, дея ёзади АҚШ раҳбари.
“Коммерсанть” нашрининг ёзишича, Трамп Украинанинг айнан Курск вилоятидаги қўшинларини сақлаб қолиш ҳақида гапирган.
12 март куни Россия Президенти Владимир Путин Курск вилоятидаги бошқарув штабларидан бирига бориб, Россия ҳудудидаги Украина қўшинларини “террорчилар” сифатида баҳолаш ва тегишли моддалар бўйича судга тортиш кераклигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Украина томонида жанг қилаётган хорижий ёлланма аскарлар Женева конвенциясида кўзда тутилган ҳарбий асирлар ҳуқуқидан фойдалана олмайди. Трампнинг бу баёноти шундан сўнг янгради.
Кейинроқ Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт журналистларга 13 март куни Трамп Путин билан гаплашмаганини, бироқ унинг махсус вакили Стив Уиткофф гаплашганини айтди. Анонимлик шарти билан гапирган “Reuters” манбасига кўра, Уиткофф 13 март куни кечқурун Москвада Путин билан узоқ вақт учрашув ўтказган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Путин учрашувдан Трампга "сигналлар" етказиш учун фойдаланган. Унинг сўзларига кўра, Россия ва АҚШ Президентлари ўртасидаги телефон қўнғироғи вақтини Уиткофф Трампга маълумот берганидан кейин ишлаб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида АҚШ ва Украина вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Музокаралардан сўнг, Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак агар Россия худди шундай қадамга рози бўлса, Украина АҚШнинг 30 кунга ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини қабул қилишга тайёрлигини билдирди. 13 март куни Жиддадаги Украина ва АҚШ музокараларидан икки кун ўтиб, АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Москвага етиб келди. У таклифни Россия томони билан ҳам муҳокама қилиш режалаштирилган эди. Аммо икки ўртадаги учрашувдан олдин Владимир Путин Россия Украинада ўт очишни тўхтатиш таклифига розилигини, бироқ бу узоқ муддатли тинчликка олиб келишини айтди. Унинг сўзларига кўра, бир нечта нюансларни ҳисобга олиш керак, жумладан, ўт очишни тўхтатиш режимининг сақланишини кафолатлаш масаласи.
LiveБарчаси