Мен энди бошқа Диёрaман – Келдиёрова
Спорт
−
10:11 1180 2 дақиқа
Ўзбекистонлик дзюдочи, Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Диёрa Келдиёрова ҳозирда бошқа Диёралигини ва Париждан сўнг кўп нарсалар ўзгарганлигини айтди. Бу ҳақда Келдиёрова Ақтау шаҳрида ўтказилган 2026 йилги Осиё очиқ турниридаги ғалабасидан сўнг айтиб ўтди.
Келдиёрова Париж Олимпиадасидан кейин аввалги спорт формасига тўлиқ қайтганини айта олмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, икки йиллик давр давомида дзюдога яқин бўлса-да, мусобақалар муҳитидан бироз узоқлашган.
“Париждан олдинги ҳолатимга тўлиқ қайтдим, деб айта олмайман. У ерда бошқача эдим. Ҳозир эса ўзимни аввалги Диёрa билан солиштира олмайман. Мен энди бошқа Диёрaман – она бўлганимдан кейин янгиланганман, назокатлироқман. Икки йил давомида дзюдога яқин бўлдим, аммо рақобат муҳитидан бироз узоқлашдим. Шунга қарамай, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Мен дзюдодан завқ олишни истайман. Бу спортни яхши кўраман, у билан яшайман ва мен учун ундан завқланиш муҳим”, дейди спортчи турнир матбуот хизматига берган интервьюсида.
Шунингдек, Диёрa мусобақага қизи билан келганини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳозирча фарзанди онасининг чемпион эканини англамайди.
“У учун энг муҳими, менинг ёнида бўлишим. У мени фақат онаси сифатида хоҳлайди. Қандай спортчи эканимни ҳали тушунмайди. Балки вақти келиб буни англар”, дейди Келдиёрова.
Маълумот учун, Келдиёрова Париж-2024 Олимпиадасида олтин медални қўлга киритиб, дзюдо бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк Олимпия чемпионига айланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 октябрь куни Диёрa Келдиёрова Ақтаудаги халқаро дзюдо турнирида 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида финалда озарбайжонлик Фарида Мирзаевани муддатидан олдин мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Бу Келдиёрованинг Париж Олимпиадасидан кейинги илк турнири бўлди.
Live
Барчаси