Мен билган туманда ички ишлар ходимларининг 50 фоизга яқинининг оиласи пароканда – Кушербоев
Интервью
−
22 Апрель 2020
47791Ўзбекистонда Ички ишлар ходимлари оғир психологик босим остида фаолият юритади. Улар кучли чарчоқ билан иш олиб боради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев QALAMPIR.UZ билан онлайн-мулоқотда маълум қилди.
“Мен кўп ички ишлар ходимлари билан мулоқот қилиб тураман. Уларда жуда ҳам оғир психологик босим бор. Бу кучли чарчоқ, зўриқиш, иш режимига риоя этмаслик ҳисобига. Мен буни кўп бор айтиб келганман. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда ходимларнинг меҳнат вақти, муҳофаза масалалари келтирилган. Афсуски, бу ишлаяпти деб айтиб бўлмайди. “Усиление” дейишади рус тилида буни. Ишдан ташқари ишларнинг кўплиги... Жойларда ички ишлар ходимлари ўзини ишидан ташқари бўлган ишлар билан ҳам кўп шуғулланишади. Доимий босим, буни “нагрузка” дейди. Бундай босим билан юргандан кейин психологик дунё ҳам ўзига яраша бўлмайди. Оғир босимда бўлгандан кейин жазавага тушадиган, аччиқ қиладиган ёки жаҳл устида юрадиган бўлиб қолиши ҳам мумкин. Мен охирги бўлаётган воқеалар, муомаласизлик ёки бошқа жараёнларда ҳам шу омиллар таъсир қиляпти деб ҳисоблайман”.
Баъзан кўпчиликка ўрнак бўлган, халқ орасида обрў-эътибор топган айрим ички ишлар ходимларининг оиласи аъзоларидан бири ёки фарзандлари жиноятга қўл ургани ҳақида гап-сўзлар қулоғимизга чалинади. Жамиятга ўрнак бўлган фарзандига тарбия беролмабдида деб қўямиз. Аммо, гап яна ички ишлар ходими фаолиятидаги зўриқишларга бориб тақалади. Кушербоев таниган айрим ички ишлар ходимларининг оиласи парокандаликка юз тутган.
“Мен Тошкент вилоятида бир туманни биламан. Ҳозир бу туманнинг номини айтсам, тўғри маънодаги гапни ҳам, нотўғри маънода қабул қилиб, жазолашга ўтиб кетилиши мумкин. Мен буни хоҳламайман. Мен билган туманда ички ишлар ходимларининг 50 фоизга яқинини оиласи пароканда. Ўзларининг ходимлари. Нима учун? Булар керак бўлса суткалаб уйига бормайди. Болалари нима қиляпти, оиласи қай аҳволда? Ишдан ташқари яна иш, иш, иш. “Нагрузка”да юради улар. Фарзандлар тарбияси эътиборсиз қолади. Бугун биз оилани муҳофаза қилиш масаласида гапирганимизда, доим кўз олдимга ички ишлар ходимлари келади. Уларнинг оиласи нима бўляпти? Ҳаммасида ҳам муаммо йўқдир, аммо мен билганим, кўрганим жуда кўп ва бу яширадиган нарса ҳам эмас. Ҳақиқатан ҳам оғир “нагрузка”да юради. Ана ундан кейин хатоликларга йўл қўйишади. Агар улар ўз вақтида ишга келиб, ўз вақтида оиласига вақт ажратса, ўз вақтида дам олса, психология ва дунёқарашнинг бундай салбий натижалари кўринмаса керак. Бу мени фикрим, балки мен адашаётгандирман. Ишда “нагрузка” кўпайиб кетса, ўзим ҳам асабий бўлиб қоламан. Чунки мен ҳам инсонман ва бу нарса бу соҳаларда ҳам бўлса керак”, дейди депутат.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ўртасида чиққан можаро кун тартибида турибди. Депутат карантин даврида шахсий автомобилидан фойдаланган ва бунга депутатлик дахлсизлик ҳуқуқини рўкач қилиб кўрсатган. Устига устак унинг ёнида йўловчи-жияни ҳам бўлган. ИИВнинг маълум қилишича, депутат ЙПХ ходимининг қонуний талабларини бажармаган, унинг погонини юлиб олган. Депутат эса буни буткул рад этмоқда.
Ушбу интервьюни тўлиқ юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси